Андижон, Наманган ва Термиз давлат музейларида экспонатларни қалбакилаштириш ҳолатлари аниқланган

Termizmuzey.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг учта музейида қалбакилаштириш ва камомадлар аниқланиб, етказилган зарарнинг умумий миқдори 3,5 миллиард сўмдан ортиқ (320 минг доллардан ортиқ) баҳоланмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан июнь ва июль ойларида Андижон ва Наманган вилоятлари тарих ва маданият давлат музейлари ҳамда Термиз давлат музей-қўриқхонасидаги экспонатларнинг сақланиши текширилган.

Текширувчилар Андижон музейидаги тўртта, Наманган музейидаги тўққизта, Термиз музейидаги 24 та буюмнинг ҳажми, ишлаб чиқиш усули ва яратилган вақти бўйича музей маълумотлар базаси, инвентар ва илмий паспортлардаги тавсифларга мос келмаслигини аниқлаганлар. Шунингдек, Термиз музей-қўриқхонасида 58 та экспонат етишмаслиги аниқланган.

Маданий мерос агентлиги баҳосига кўра, Андижон музейига 31 миллион сўм (2 818 доллар), Наманган музейига 23,7 миллион сўм (2 154 доллар), Термиз музей-қўриқхонасига 3 миллиард 467 миллион сўм (315 минг доллардан ортиқ) зарар етказилган.

Апрель ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги 14 та музейдан уч мингдан ортиқ нодир ва ноёб экспонатлар йўқолгани ҳақида хабар берганди. Жумладан, Бухоро давлат музейида 81 та экспонат сохта нарсалар билан алмаштирилиб, 31,5 миллиард сўм (3 миллион долларга яқин) зарар етказилган. «Ичан-қалъа» мажмуасининг музей фондида 101 та экспонат ана шундай тақдирга дуч келган. Ўзбекистон маданий меросига 30 йил давомида етказилган зарарнинг умумий миқдори 4 триллион сўмдан (354 миллион доллар) ошади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ