Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонаси устидан метро кўприги ўрнатилди. Роҳиблар Ўзбекистон президентига мурожаат қилишди

Ибодатхона устидан ўтган эстакада. Александр Хегай тақдим этган фотосурат

Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонаси устидан қурувчилар метро кўпригини ўрнатдилар. Бу ҳақда «Фарғона»га бош роҳиб ўринбосари Александр Хегай маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, оралиқ устун кўприклари 12 сентябрь куни кечқурун ўрнатилган. 8 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Алимардон Қаршиев Дин ишлари бўйича қўмита вакили билан бирга ибодатхонага келишган. Уларнинг ташрифига ибодатхона маъмуриятининг Ўзбекистон президентига мурожаати бўлган.

«Ташрифчилар билан бош роҳиб иштирокида учрашув ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузишга оғзаки келишиб олдик, аммо шу вақт ичида қурилиш кечаю-кундуз давом этаверди ва кеча кечқурун улар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз устун кўпригини ўрнатишди», — дейди Хегай.

Нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона бўлган Буддавийлар ибодатхонаси тақдири бир йилдан бери ҳал этилмаётгани тўғрисида «Фарғона» 5 сентябрь куни хабар берганди.

Тошкент ҳокимияти ибодатхонанинг бир қисмини метро қурилиши учун давлат эҳтиёжига тортиб олишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат қарори билан 2019 йил 16 ноябрда (911-сонли қарор) тасдиқланган «Ер участкаларини олиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомда ер участкасини олиб қўйиш зарурати туғилган тақдирда, ҳокимлик ёки инвесторлар ва мулкдорлар ўртасида оммавий ахборот воситалари иштирокида очиқ муҳокама ўтказилиши белгиланган. Келишилган товон пулисиз мулкни бузишга йўл қўйилмайди. Ҳокимликлар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли эмас.

2020 йил 23 декабрдаги қонунга кўра, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлар мулк эгалари билан очиқ муҳокамадан, фойда ва харажатларни баҳолашдан сўнг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш учун Марказлаштирилган жамғарма билан келишилгандан кейингина рухсат этилади. Ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан амалга оширилади.

Александр Хегай тақдим этган фотосурат

Айни пайтда, ерни тортиб олишнинг расмий тартиби ҳали бошланмаган, аммо қурилиш ишлари тўғридан-тўғри ибодатхона биқинида олиб борилмоқда. Август ойининг охирида қурувчилар мажмуанинг канализациясини ўчириб қўйишди, шу туфайли ибодатхона фаолиятини тўхтатишга тўғри келди. Роҳиблар нималар рўй берганини оммавий ахборот воситаларида гапириб беришди, шундан сўнг метро қурувчилари ва сув таъминоти ходимлари канализацияни бепул таъмирлаб берганлар.

Бироқ, қурилиш ишлари давом этмоқда ва энди метро линияси Буддавийлар ибодатхонаси ҳудудини қамраб олди. Кўриниб турибдики, тепадан юриб келаётган электр поездларининг шовқини роҳиблар ва ибодатчиларга буддизмнинг асосий руҳий амалиётлари, яъни медитация билан шуғулланишларига жиддий халақит беради. Аммо Тошкент ҳокимияти Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширмасдан, фақат оғзаки таклиф ва ваъдалар билан чекланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ