АҚШ ўғирлаб кетилган афғон самолётларини Ўзбекистон ва Тожикистонга беришга қарор қилди

Собиқ афғон ХҲК қарашли A-29 Super Tucano самолётлари. TOLOnews сайти фотосурати

АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон билан Афғонистонда террорчиларни ушлашга ёрдам бериш эвазига Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари томонидан ўғирлаб кетилган 50 га яқин ҳарбий самолётларни Марказий Осиё республикаларига топшириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Politico нашри ўз манбаларига таяниб ёзади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати тезкор ҳужуми чоғида афғон учувчилари ўз ҳамкасблари ва оила аъзоларини Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ва вертолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтган эдилар. Мазкур авиватехникалар бир вақтлар Америка армияси томонидан Афғонистон ҳукумати ҳаво кучларига тақдим этилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўғирланган самолётларнинг 46 таси Ўзбекистонда, 18 таси Тожикистонда, жумладан, уларнинг орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари ва PC-12, C-208, AC-208 ва A-29 самолётлари бор.

Ҳозиргача ўғирланган авиатехникалар билан боғлиқ вазият ноаниқ. Толиблар уларни Афғонистонга қайтаришни талаб қилишмоқда, зеро улар ушбу самолёт ва вертолётларни афғон мулки деб билишади.

Politico манбасига кўра, АҚШ чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш бўйича муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича норасмий келишув эвазига ўғирлаб кетилган самолётларни Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига тақдим этишни режалаштирмоқда.

Нашрнинг ёзишича, келишув разведка маълумотлари алмашинувини кенгайтиришдан тортиб, Афғонистондаги террорчилик фаолиятини назорат қилиш учун минтақавий таянч сифатида ушбу мамлакатларда қўшин ёки самолётларни жойлаштиришгача бўлган барча нарсани ўз ичига олиши мумкин.

Бундан аввал, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев республика ўз ҳудудида қолиб кетган ҳарбий вертолёт ва самолётларни Америка расмийларига қайтариб беришини айтган эди. «АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлаган. Бу давлат аввалги Афғонистон ҳукуматини молиялаштирган. Шундай қилиб, ушбу авиатехникаларга қандай муносабатда бўлиш тўғрисида қарор бутунлай Вашингтонга боғлиқ, деб ҳисоблаймиз», — деганди Иргашев ўшанда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).