2026 йил охирига қадар Ўзбекистон Россия гази импортини 40 фоиздан кўпроққа — 7 миллиард куб метрдан 10 миллиард куб метрдан ортиқ ҳажмгача ошириши мумкин. Бундай прогноз Халқаро энергетика агентлигининг (ХЭА) таҳлилий материалларида келтирилган, деб хабар беради «Газета.uz».
Ташкилот экспертларининг таъкидлашича, Россия қўшни Қозоғистон ҳудуди орқали «Ўрта Осиё — Марказ» магистрал газ қувурлари тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга хом ашё етказиб бериш ҳажмини оширишда давом этмоқда.
Импорт ҳажмининг кўпайиши республика ичидаги газ қазиб чиқариш ҳажмининг камайиши фонида юз бермоқда. ХЭА маълумотларига кўра, жорий йил январь–май ойларида Ўзбекистонда табиий газ ишлаб чиқариш 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ёки 2,6 миллиард куб метрга камайган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, пасайиш амалдаги конларнинг «зангори олов» қазиб чиқариш бўйича аввалги кўрсаткичларни сақлаб қолиш имкониятлари ёмонлашгани билан боғлиқ. Бундай тенденция Қозоғистонда ҳам кузатилмоқда: 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатда газ қазиб чиқариш қарийб 8 фоизга ёки 1 миллиард куб метрга камайган. Туркманистонда эса вазият барқарорлигича қолмоқда — ўтган йилги кўрсаткичлар деярли ўзгармаган.
ОАВ Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларини келтириб, 2025 йилда Россия ва Туркманистондан импорт қилинган газ қиймати 1,2 фоизга камайиб, 1,66 миллиард долларни ташкил этганини ёзмоқда. Бироқ шу билан бирга, етказиб беришнинг жисмоний ҳажми 14,9 фоизга ошган — 5,6 миллиарддан қарийб 6,5 миллиард куб метрга етган.
Умуман олганда, Россия, Марказий Осиё республикалари ва Кавказорти мамлакатларини ўз ичига олган Евроосиё ҳудудида газ қазиб чиқариш ўтган йилги 3 фоизлик пасайишдан сўнг тиклана бошлади. Ҳисобот даврида ўсиш 2,5 фоизни ташкил этган. Бироқ, бу асосан Россия ҳисобига юз берган. Жорий йил якуни бўйича таҳлилчилар ҳудудда газ қазиб чиқариш ҳажми 2 фоизга ошишини кутмоқда.
Шу билан бирга, газга бўлган талаб қарийб 3 фоизга ўсиши мумкин. Бунинг сабаблари сифатида совуқ қишлар ва қазиб чиқариш ҳажмлари ҳали ҳам 2021 йил кўрсаткичларидан 9 фоиз паст даражада қолаётгани кўрсатилмоқда.
Халқаро энергетика агентлиги бунга асосий сабаблардан бири сифатида Яқин Шарқдаги можаро ҳамда инқирозга қадар жаҳон суюлтирилган табиий газ етказиб бериш ҳажмининг қарийб 20 фоизи тўғри келган Ҳурмуз бўғози орқали газ ташишнинг чекланганини кўрсатмоқда.
Таҳлилчилар хулосасига кўра, 2026 йилнинг иккинчи чорагида Европада газ нархи йиллик ҳисобда 32 фоизга, Осиёда эса бундай газнинг спот нархлари 45 фоизга ошган.



