Туркманистон расмийлари тадбиркорларга Эронга ҳафтасига икки мартадан ортиқ боришни тақиқлади

Эрон-туркман чегараси. imna.ir сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати Баджгиран чегара пункти орқали Эрон товарларини республикага олиб кирувчи хусусий тадбиркорларга ҳафтасига икки мартадан ортиқ Эрон билан чегарани кесиб ўтишни тақиқлади. Бу ҳақда «Хроники Туркменистан» сайти хабар берди.

Илгари тадбиркорларга ҳафтасига олти марта (кунига бир мартадан кўп бўлмаган) Эронга ўтиш ва қайтишга рухсат берилган. Тадбиркорлар чегарадан ўтиш учун ҳафтасига 60 манат (қора бозор курси бўйича тахминан 3 доллар) тўлайдилар. Шу билан бирга, трансчегаравий савдо учун рухсатномалар бошқа расмий иши бор одамлар ва талабаларга берилмайди.

Тадбиркорлар етказилиши мумкин бўлган зарарни аллақачон ҳисоблаб чиқишган: уларнинг даромадлари уч бараварга камаяди. Чегарани кесиб ўтишнинг камайтирилиши сабаблари одамларга тушунтирилмаган.

Эрон ва Туркманистон ўртасидаги Гаудан-Баджгиран чегара назорат пункти ва божсиз савдо пункти жорий йилнинг август ойи охирида, коронавирус пандемияси туфайли ёпилганидан 34 ой ўтиб иш бошлади. Бироқ, чегара очилишидан сўнг Туркманистон ҳукумати ўз фуқароларига чегарани кесиб ўтишни қийинлаштирди ва озиқ-овқат олиб киришни тақиқлади. Нашрнинг қайд этишича, арзон истеъмол товарлари одатда Эрондан Туркманистонга олиб келинарди. Эрон сигаретлари айниқса талабгир маҳсулот ва уни бир киши икки қутидан олиб ўтиши мумкин.

Эрон-Туркманистон чегарасидаги Гаудан-Баджгиран халқаро терминали Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовнинг 1999 йилдаги фармонига асосан 2006 йил июль ойида очилган. Баджгиран Туркманистоннинг Ахал велаяти (вилояти) ва Эроннинг Хуросон-Резавий вилояти чегарасида, Ашхободдан 30 км узоқликда жойлашган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди