АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Ашхобод, Остона ва Тошкентда иқтисодий масалаларни муҳокама қилади

Дональд Лу. Orient.tm сайти фотосурати

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 6-11 ноябрь кунлари Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

Ташрифдан мақсад «Қўшма Штатларнинг ҳар бир мамлакатнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳамда бизнинг умумий мақсадимиз – Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнаши, хавфсиз ва демократик бўлишига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлашдир», деб тушунтиради Давлат департаменти.

Бу ерда Дональд Лу «Марказий Осиёда иқтисодий барқарорлик ташаббуси»ни ишга тушириш масаласини муҳокама қилади. Унинг доирасида Қўшма Штатлар минтақавий савдо йўллари ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, малакали ишчи кучини ўқитиш ва тайёрлаш ҳамда Марказий Осиёга халқаро сармояларни жалб қилиш учун 25 миллион доллар ажратади.

Лу 6 сентябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган брифингда Марказий Осиё учун навбатдаги дастурни эслатиб ўтди, у минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш учун 16,5 миллион доллар ажратишни назарда тутади, деб ёзади Orient.tm.

Давлат департаменти вакили Қўшма Штатлар 30 йил давомида Туркманистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлаб келганини таъкидлади. «Ва бу ҳеч қачон ҳозиргидан муҳимроқ бўлмаган»,деди Лу.

АҚШ Давлат котиби вакилига берилган саволлардан бири Россиянинг Марказий Осиёда фаоллашиши билан боғлиқ бўлди. «АҚШ Марказий Осиёнинг Россия билан ижобий, конструктив муносабатларга эга бўлишини истайди. Чунки бу минтақа халқлари ва Россия ўртасида узоқ тарихга эга», — дея тушунтирди Лу.

Туркманистонда АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси тажриба алмашинув дастури битирувчилари ва икки томонлама ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорликни муҳокама қилиш учун юқори мартабали ҳукумат амалдорлари билан учрашади.

Шундан сўнг Дональд Лу ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиш мақсадида Ўзбекистонга боради. Ташриф давомида, жумладан, хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, дин ва эътиқод эркинлигини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинади.

«Қозоғистонда Давлат котиби ёрдамчиси Марказий Осиёнинг иқтисодий барқарорлиги ва минтақавий алоқадорлик масалаларини муҳокама қилиш учун иқтисод ва бизнес раҳбарлари, шунингдек, Қозоғистон келажагини шакллантиришда муҳим роль ўйнайдиган фуқаролик жамияти етакчилари билан учрашади», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Дональд Лунинг Марказий Осиёга аввалги сафари шу йилнинг май ойида бўлиб ўтганди. Ўшанда у Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда ташриф буюрганди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди