Москва Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида газ иттифоқини тузиш ғоясига ойдинлик киритди

Дмитрий Песков ва Александр Новак. РБК, ТАСС сайтлари фотосурати

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида газ иттифоқини яратиш ғояси ниҳоятда долзарб ва ушбу давлатларнинг манфаатларига жавоб беради. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

«Гап муҳим минтақадаги улкан, бепоён ҳудуд ва, албатта, энергия, газ ва ҳоказоларни етказиб бериш йўллари бу ҳудуд учун ниҳоятда долзарблиги ҳақида бормоқда. Бу ерда жуда кенг тармоқлар мавжуд ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш — бу барча қайд этилган уч мамлакат манфаатларига жавоб беради», — деб тушунтирди Песков.

У Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиёти анча жадал ривожланаётганини, жумладан, газга бўлган ички талаб ортиб бораётганини таъкидлади. «Бундан ташқари, ҳар икки давлат ташқи бозорларда ҳам савдо қилади. Ташқи бозорларда савдони турган гап Россия Федерацияси ҳам олиб боради. Ва, албатта, бу бироз синхронлаштиришни талаб қилади», — деди Кремль вакили.

Бундан ташқари, Песков Россия ва Қозоғистоннинг газ саноатини ривожлантириш, келажакда эса умумий энергия бозорларини яратиш ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) даги ҳамкорлар сифатида муайян режалари борлигини айтди.

«Маълумки, Ўзбекистон ҳам ЕОИИга кўз тиккан, кузатувчи давлат ҳисобланади. Шунинг учун бу ерда мувофиқлаштириш ва синхронлаштириш жуда муҳим», — деди Песков.

У Шимолий Қозоғистоннинг газга бўлган эҳтиёжи анъанавий равишда Россиядан таъминланишига эътибор қаратди.

«Қозоғистоннинг у ерда ўзига хос имкониятлари йўқ. Вариантлар бор: ё Россиядан газ олиб, Шимолий Қозоғистон эҳтиёжларини қондириш ёки у ерга янги қувур тизимини тортиш учун катта ўнлаб миллиард доллар сарфлаш», — дея тушунтирди Песков.

У Россия Шарқий Сибирда янги газ провинциясини – ҳам экспорт, ҳам ички эҳтиёжларни қондириш учун ривожлантираётганини эслатиб ўтди. «Буларнинг барчаси уч давлат – Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ўртасида аниқ ҳаракатлар, мунозаралар, мувофиқлаштиришни жамлашни тақозо этади», — деди Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби.

Песковнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда Владимир Путин уч давлат ўртасида газ иттифоқи доирасида мувофиқлаштирувчи механизм яратишни таклиф қилмоқда.

«Президент Путин биринчи босқичда мувофиқлаштириш механизмини яратишни назарда тутади. Албатта, буни маълум бир юридик шахс билан муҳокама қилиш лозим: бу уч давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун ҳам, кейинчалик ташқи бозорлар учун инфратузилмани ривожлантириш учун ҳам керак», — деди Песков.

РФ ҳукумати раисининг ўринбосари Александр Новакнинг айтишича, уч томонлама газ иттифоқи катта имкониятларга эга бўлади, жумладан газ экспорти учун ҳам.

«Россияда, Қозоғистонда, Ўзбекистонда ҳам совет давридан бери амалда ягона газ транспорти тизими мавжуд. Бизда бу соҳада ўзаро ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжуд, жумладан, газ етказиб бериш, уни қайта ишлаш соҳасида ишлар амалга оширилмоқда, шунингдек бошқа экспорт йўналишларига етказиб бериш ишлари ҳам», — дея Новакнинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости.

Новакнинг таъкидлашича, жумладан гап Хитой бозорига газ экспорти ҳақида бормоқда. «Ҳамма нарсани қўшимча ҳамкорлик деб ҳисоблаш керак», деб тушунтирди Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари.

28 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев уч собиқ Совет республикалари ўртасида иттифоқ тузиш режаси борлигини эълон қилди. «Бугун Владимир Владимирович [Путин] қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклигини айтди. У Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи», — деди Тўқаев Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда.

Кейинроқ Қозоғистон президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай гап «уч томонлама газ иттифоқи» – Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ташиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганига ойдинлик киритди.

Ўзбекистон расмийларидан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ