Эронда ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинган икки футболчи суд қарори билан озод этилди. Бу ҳақда The Guardian ёзади.
Футболчилар Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Эрон ва АҚШ терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланишига бир неча соат қолганида қўйиб юборилган (ўйин 29 ноябрь куни кечки пайт бўлиб ўтди).
Ўнг қанот ҳимоячиси Вурия Ғафури ўтган ҳафта ҳибсга олинган ва у «терма жамоа обрўсини камситганлик ва давлатга қарши ташвиқот тарқатганлик»да айбланган. Собиқ дарвозабон Парвиз Боруманд деярли икки ҳафта олдин Теҳрондаги митингларда иштирок этганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
The Guardian қайд этишича, иккала спортчи 29 ноябрь куни гаров эвазига қўйиб юборилган. Эрон давлат матбуоти ҳам сўнгги кунларда ҳеч қандай сабаби кўрсатилмасдан, яна юзлаб маҳбуслар озод қилингани ҳақида хабар берди.
Ўз вақтида Теҳроннинг «Истиқлол» клуби сардори бўлган этник курд Ғофурий очиқчасига эронлик курдларни ҳимоя қилиб, ҳукуматдан намойишлар бўлиб ўтган курд ҳудудларида ҳарбий амалиётларни тўхтатишни талаб қилган. У бутун фаолияти давомида Эрон ҳукуматини очиқ танқид қилган, жумладан, аёлларга эркаклар ўйинларини кўриш тақиқлангани учун уни хўрлаганини айтган.
Эрон Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати учун ўз таркибини эълон қилганида, кўплаб эронликлар ва футбол мутахассислари 2018 йили Россияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида миллий терма жамоа аъзоси бўлган 35 ёшли Ғофурининг номи кўрсатилмаганидан ҳайратда қолган эди. Бунга унинг сиёсий қарашлари сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилган.
Ғафурий яқинда 22 ёшли Маҳса Амини оиласига ҳамдардлик билдирган. Маълумки, қизнинг сентябрь ойида полиция томонидан ҳибсга олинганидан сўнг ўлими ҳукуматга қарши норозиликларга сабаб бўлганди ва у ҳозиргача давом этмоқда.
28 ноябрь куни жаҳон чемпионатида Уэльсга қарши ўйинда миллий терма жамоа ғалаба қозонгани муносабати билан Эрон қамоқхоналаридан 715 нафар маҳбус озод этилганини қўшимча қиламиз. Озод қилинганлар орасида мамлакатдаги норозилик намойишлари бўйича ҳибсга олинганлар ҳам бор.
Эрон ва Уэльс терма жамоалари ўртасидаги баҳс 2:0 ҳисобида якунланди. Шу куни мамлакатнинг 12 вилоятида 715 маҳбус озод этилди.
29 ноябрь куни Эроннинг 20 вилоятидаги қамоқхоналардан яна 1156 нафар маҳбус озод этилди. Al-Ain News ёзганидек, амнистия бош судянинг қарори асосида эълон қилинган, унинг сабаблари кўрсатилмаган.