Москвада иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия -Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши арафасида Россия ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Рашид Мередов минтақавий ва глобал барқарорлик, шунингдек, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликка доир масалаларни муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Turkmenportal хабар беради.
Мулоқот чоғида Сергей Лавров икки томонлама муносабатларнинг «дўстона ва изчил» характерини қайд этаркан, икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
«Туркманистон бизнинг яқин дўстимиз, стратегик ҳамкоримиз. Россия Туркманистон билан минтақавий ва халқаро масалаларда ҳамкорликка катта эътибор қаратади. Муносабатларимиз суръатини биргина жорий йилнинг ўзида бешта учрашув ўтказган икки давлат президентлари белгилаб беради», — деди Лавров.
Ўз навбатида Мередов Россияга Туркманистоннинг халқаро ташаббусларини, жумладан, энергия хавфсизлиги, барқарор транспорт, экология ва бошқа қатор соҳаларда қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Лавров, шунингдек, Туркманистонда рус тили ва маданиятига бўлган илиқ муносабатни юқори баҳолади, Ашхободда Пушкин номидаги рус драма театрининг янги биносини қуриш ва рус-туркман университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарори учун республика раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Лавров туркманистонлик талабаларнинг Россияда ўқиши учун энг қулай шароитлар яратишни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
«Аминманки, таълим жараёнлари бўйича Туркманистон минтақадаги энг йирик марказлардан биридир. Биз ҳар доим устувор бўлган ушбу соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрмиз – улар халқимиз ва фуқаролар ўртасидаги алоқалар учун жуда муҳим. Туркманистонлик ўғил-қизларнинг Россия Федерациясида ўқишга бўлган қизиқишини юқори баҳолаймиз. Биз талабаларингиз учун қулай шароитларни яратишда давом этамиз», — деди Россия ТИВ раҳбари.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, 2022 йилнинг саккиз ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 474,8 миллион долларга етган. Россиянинг Туркманистонга экспорти 357,8 миллион долларни, Туркманистоннинг Россияга импорти эса 117 миллион долларни ташкил этган. Томонлар 2019 йил апрель ойидан «Газпром» Туркманистон табиий газини сотиб олишни қайта бошлагани ва республикада Россиянинг ўнлаб йирик компаниялари, жумладан, КАМАЗ, «Татнефт», «Возрождение» фаолият юритаётганини қайд қилдилар.
Учрашув доирасида Лавров ва Мередов 2023-2024 йилларга мўлжалланган тегишли идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказилишини назарда тутувчи ҳамкорлик дастурини имзоладилар.
Умуман олганда, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси якунлари бўйича 15 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида Туркманистон таълим вазири Гурбангул Атаева ва РФ Фан ва олий таълим вазири Валерий Фальков томонидан имзоланган олий таълим соҳасига доир шартнома мавжуд.