Ҳиндистонда ўзбекистонлик болалар ўлимига сабаб бўлган Док-1 Макс ишлаб чиқарувчисига нисбатан тергов ишлари бошланди

Marion Biotech расмий вакили Ҳасан Харрис . NDTVтелеканалри репортажидан кадр

Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистонда 19 боланинг ўлимига сабаб бўлган Док-1 Макс препаратини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech фармацевтика компаниясига нисбатан тергов бошлади. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг Sk Todays News нашри хабар берди.

Тергов Дори-дармон стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти (CDSCO) ва Уттар-Прадеш дориларни назорат қилиш ва лицензиялаш бошқармаси (DCLA) томонидан олиб борилмоқда. Ҳиндистоннинг дори-дармонларни назорат қилиш бўйича Бош бошқармаси (Drugs Controller General of India, DCGI) Ўзбекистон томонидан болаларнинг заҳарланишига доир қўшимча маълумотларни сўраган.

Marion Biotech расмий вакили Ҳасан Харрис Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари бу масалани кўриб чиқаётгани ва текширув ўтказаётганини тасдиқлади.

«Биз томондан ҳеч қандай муаммо йўқ, жумладан, тест синовлари бўйича. Биз сўнгги ўн йил давомида у ерда дорилармиз билан мавжудмиз. Ҳукумат ҳисоботи келиши билан биз уни ўрганамиз. Ҳозирча ишлаб чиқариш тўхтатилган», — деди Харрис.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазири Мансух Мандавия дори намуналари Чандигарҳдаги минтақавий дори синов лабораториясига юборилганини ва таҳлил ҳисоботи асосида ҳукумат томонидан кейинги чоралар кўрилишини айтди.

Аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Док-1 Макс сиропининг ўрганилаётган партиясида «беморда қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради этиленгликоль заҳарли моддаси топилгани ҳақида маълум қилганди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда 19 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, бунга Док-1 Макс препарати сабаб бўлган. Қурбонларнинг барчаси олти ёшгача бўлган болалардир. Мамлакатда препаратни қўллаш тақиқланди, Док-1 Макс таблетка ва сироплари сотувдан олиб ташланди. Болалар ўлими факти бўйича жиноий иш қўзғатилиб, дори-дармонларни Ўзбекистонга рўйхатдан ўтказиш, олиб кириш ва сотиш билан шуғулланган бир неча шахслар қўлга олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ