2023 йил бошида Henley&Partners томонидан эълон қилинган янги Жаҳон паспорти индексида Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг заиф ҳужжатлар қаторидан ўрин олган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Буркина-Фасо билан 88-чи қаторни бўлишиб турибди. Бу икки давлат фуқаролари 59 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин. Жумладан, 2022 йили Мўғулистон республика билан визасиз режим жорий этган ва у ўзбекистонликлар учун очиқ.
Туркманистон Иордания, Марказий Африка Республикаси, Миср ва Гвинея-Бисау каби давлатлар билан бирга 94-ўринни эгаллаган. Туркманистон фуқаролари визасиз 53 давлатга бориш имкониятига эга. Эслатиб ўтамиз, Туркия билан визасиз режим бекор қилинганидан кейин республиканинг рейтингдаги ўрни бироз ёмонлашган.
Қозоғистон бир неча йиллардан буён Марказий Осиё давлатлари орасида рейтинг етакчиси бўлиб келмоқда, ҳозирда у рейтингда 73-ўринни эгаллаб турибди. Қозоғистонликлар 76 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин.
Қирғизистон 83-ўринни эгаллаб турибди, ушбу республика фуқаролари бюрократик қоғозбозликларсиз 64 та давлатга ташриф буюришлари мумкин.
Тожикистон Ўзбекистондан бироз олдинда, рейтингда 87-ўринни эгаллаган. Тожикистонликлар 60 та давлатга визасиз боришлари мумкин.
Рейтингга кўра, энг кучлиси Япония паспорти ҳисобланади: 193 давлат ушбу мамлакат фуқаролари учун визасиз очиқ. Иккинчи қаторни Сингапур ва Жанубий Корея тақсимлаган. Ушбу мамлакатлар аҳолиси 192 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин.
Афғонистон паспорти дунёдаги энг заиф ҳужжат бўлиб қолмоқда ва рейтингда охирги ўринни эгаллаган. Фақат 27 давлат афғонлар учун визасиз очиқ ҳисобланади. Ироқ ва Сурия паспортлари билан боғлиқ вазият бироз яхшироқ: ушбу мамлакатлар фуқаролари мос равишда 29 ва 30 давлатга ташриф буюрганларида визага мурожаат қилмасликлари мумкин.
Шимолий Македония томонидан россияликлар учун визасиз режим бекор қилинганидан сўнг Россия ҳам рейтингдаги ўрнини ёмонлаштирди. Энди Россия Федерацияси фуқаролари 118 давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин.
H&P паспортлар индекси 2006 йилдан буён дунёнинг энг йирик саёҳат маълумотлар базасини юритувчи Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IАТА) билан ҳамкорликда нашр этилади. Индекс паспорт эгалари визасиз дунёнинг қанча мамлакатларига киришлари мумкинлигига қараб тузилади.