ИШИД Афғонистон ТИВ яқинидаги худкушлик ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Афғонистон ТИВ ёнида юз берган портлаш. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурати

«Ироқ ва Шом ислом давлати»* (ИШИД) террорчилик ташкилоти 11 январь куни Кобулдаги Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси яқинида содир этилган худкушлик ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда «Ал-Арабия» телеканали хабар берди.

Хайбар Қандагари исмли худкуш-террорчи қўлбола портловчи қурилмани ТИВ ходимлари ва вазирлик қўриқчилари билан ҳимояланган периметрга кираверишда оломон ичида портлатиб юборган. Таъкидланишича, вазирлик ҳудудига кираверишдаги одамлар гавжумлиги Ташқи ишлар вазирлиги қўриқчиларини чет эллик дипломатлар билан муомила қилишга доир ўтилаётган дарслар билан боғлиқ бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, террорчилик ҳаракати натижасида 21 киши ҳалок бўлган, улар орасида 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари, вазирлик ходимлари ва қўриқчилар бор бўлган. Камида 40 киши жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, «ИШИД-Хуросон»* (ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими) «Толибон» Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг бир неча бор толиблар ва тинч аҳолига қарши терактлар уюштирган. Биринчи теракт 2021 йил 26 августда чет эллик ҳарбийларнинг Кобул аэропорти орқали хорижликлар ва афғонларни эвакуация қилиш чоғида содир этилан. Ўшанда ўнлаб афғонлар, жумладан, аэропорт ташқарисини қўриқлаётган толиблар, шунингдек, АҚШ армиясининг 13 нафар ходими ҳалок бўлганди.

Террорчилар бир неча бор масжид, мадраса ва дунёвий таълим муассасаларига қарши ҳужумлар уюштирган. Жумладан, ўтган йил октябрь ойида «ИШИД-Хуросон» худкушларининг ўзини портлатиши оқибатида Кобулдаги қизлар ўқув маркази «Каж»да бир неча ўнлаб талаба қизлар қурбон бўлган.

Ўтган йил 5 сентябрь куни Россиянинг Кобулдаги элчихонаси консуллик бўлимига киравериш яқинида ИШИДга эъзо худкуш-террорчи ўзини портлатиб юборганди. Натижада Россия элчихонасининг икки ходими: иккинчи котиб Михаил Шах ва хавфсизлик ходими Адигжи Кужугет ҳалок бўлганди. Булардан ташқари, элчихона атрофини қўриқлаётган икки «Толибон «жангариси ва навбатда турган камида олти нафар тинч афғон қурбон бўлган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ