Афғонистоннинг турли вилоятларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди TOLOnews телеканали 16 январь куни.
Ғарбий Ҳиротдаги вилоят касалхонаси маълумотларига кўра, камида 70 киши гипотермия (тана ҳароратининг тушиб кетиши) билан касалхонага ётқизилган, совуқ ҳавода кўчада қолган тўрт нафар наркоман вафот этган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Бадғис вилоятида камида беш киши совуқдан ҳалок бўлган. «Бир чўпон ва тўрт бола кўчада совуқ ҳавода қолиб кетгани боис вафот этди», — дейди Бадғис губернатори матбуот котиби Аҳмад Ҳанзала (Ahmad Hanzala).
Покистон билан чегарадош Хост вилоятида беш киши, шимолий Фарёб вилоятида икки киши, Жузжон вилоятида икки киши ҳам атмосфера ҳароратининг кескин пасайиши туфайли ҳалок бўлган.
Бадғис ва бошқа вилоятларда камида 4 минг қорамол музлаб ўлгани айтилади.
Совуқ ҳаво туфайли бир қанча вилоятларда минглаб гектар деҳқончилик ерлари ва юзлаб иссиқхоналар зарар кўрган.
Қўшимча қиламиз, ҳаво совуқ бўлгани учун афғонлар иситиш учун газ плиталари ва кўмирдан кенг фойдаланишади, бу ҳам ўлим сабабларидан бирига айланган. ОАВ хабарларига кўра, сўнгги 10 кун ичида Афғонистоннинг турли вилоятларида камида 10 киши ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган. Ўлим сабаби иситиш ускуналаридаги нуқсонлар бўлиб, уларда кўмир ва газ ишлатилади.