«Ўзбекнефтгаз» компанияси Малайзиянинг Petronas Çаrigali компаниясининг Туркманистондаги шўъба корхонаси билан нефть сотиб олиш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон холдинги матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти раҳбарияти ва Petronas Carigali (Turkmenistan) Sdn Bhd делегацияси Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, Petronas билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Туркманистондан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига хом нефть етказиб беришдан манфаатдорлигини билдирди. Томонлар 2023 йил учун импорт дастурини биргаликда тайёрлашга келишиб олдилар. Режалаштирилган маҳсулот ҳажми ҳозирча ошкор этилмаган.
2022 йил декабрь ойи охирида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Қозоғистон билан нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганини маълум қилганди. 2023 йили Ўзбекистон томони 150 миллион доллар миқдорида 300 минг тонна Қозоғистон нефти ва нефть маҳсулотларини олишни кутмоқда. Келишувга кўра, Қозоғистон нефти импортини йилига 3 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, томонлар 2023 йили Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга 300 минг тонна Россия нефтини транзит қилиш бўйича келишиб олдилар.
ℹ️ Petronas Carigali (Turkmenistan) Sdn Bhd компанияси Каспий денгизининг Туркманистон шельфида нефть ва газ қазиб олиш операторларидан бири ҳисобланади. 1996 йили Petronas Туркманистон ҳукумати билан 32 йил муддатга маҳсулот тақсимоти бўйича шартнома тузиб, Махтумқули, Диёрбекир ва Гарагол-Дениз конлари таркибидаги «Блок-1» денгиз ҳудудида нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш лицензиясини олди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 1997 йил август ойида ишга туширилган. У Франциянинг Technip компанияси ва Туркиянинг Gamma компанияси иштирокида қурилган. Заводда автомобиль бензини, авиация ёқилғиси, дизел ёқилғиси, мазут, бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Жумладан, 2022 йили корхонада Евро-4, Евро-5 ва Евро-6 стандартлари бўйича 317 минг тоннадан ортиқ экологик дизел ёқилғиси, шунингдек, завод тарихида биринчи марта 993 минг тоннадан ортиқ автобензин ишлаб чиқарилди.