Афғонистонда қаттиқ совуқдан қурбон бўлганларнинг сони 150 кишидан ошди

AAMAJ NEWS САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистонда аномал совуқ туфайли камида 157 киши совуқдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN телеканали 2021 йил августида мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон»* радикал ҳаракати вакилига таяниб хабар берди.

Бир ҳафта ичида ҳаво ҳароратининг пасайиши туфайли ўлганлар сони икки баравар кўпайди, деб таъкидлайди телеканал.

Аввалроқ, БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси 565 минг кишига мўлжалланган афғон аҳолисига кўрпа-тўшак, иситиш мосламалари ва бошпана кўринишидаги ёрдамни тарқатишни бошлаганини маълум қилганди.

Афғонистон сўнгги пайтлардаги энг совуқ қишлардан бирини бошдан кечирмоқда, январь ойи бошида ҳарорат Цельсий бўйича минус 28 даражагача тушиб кетди, бу йилнинг шу даврида одатда ҳаво ҳарорати ўртача 0 дан 5 даражада бўлар эди. Иқлимнинг салбий таъсири гуманитар инқироз туфайли кучаймоқда. БМТ гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 30 миллионга яқин одам, мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур ёрдамга муҳтож.

Шу фонда январь ойининг ўрталарида Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш тўхтаб қолди. Бироқ, сўнгги икки кун ичида толиблар вакиллари, ҳамда Ўзбекистон расмийлари Афғонистонга энергия етказиб бериш тез орада тикланишини маълум қилди.

Афғонистонга электр энергиясини етказиб берувчи асосий давлатлар, шунингдек Туркманистон, Тожикистон ва Эрон ҳисобланади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ