Олти йилга қамалган эронлик кинорежиссёр Жафар Панаҳий очлик эълон қилди

Жафар Панаҳий. infobae.com сайти фотосурати

Эроннинг машҳур киноижодкорларидан бири, ўтган йили 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Жафар Панаҳий адвокати томонидан унинг ҳибсга олиниши нотўғри экани исботланганига қарамасдан, уни қамоқхонада ушлаб туриш давом этаётганига норозилик билдириш учун очлик эълон қилган. Бу ҳақда Тhe Guardian нашри режиссёрнинг рафиқаси Таҳери Саидийга (Tahereh Saeedi) таяниб хабар беради.

Аёлнинг сўзларига кўра, Панаҳий «сиёсий режимнинг ғайриинсонийлигига қарши энг қимматли нарса – ҳаёти билан курашишдан» бошқа чораси қолмаганини айтган. Унинг аниқлик киритишича, режиссёр 1 февраль куни эрталаб очлик эълон қилган.

Панаҳий режиссёрлар Муҳаммад Расулоф ва Мустафо Алеаҳмаднинг ҳибсга олинишига норозилик билдириш учун Теҳрондаги «Эвин» қамоқхонасига борганидан кейин ўтган йил июль ойи бошида ҳибсга олинган. Эрон ҳукумати Панаҳийнинг 2009 йили Теҳронда ҳукуматга қарши намойишлар чоғида отиб ўлдирилган талабанинг дафн маросимида қатнашгани ва воқеаларни тасвирга олишга урингани учун 2010 йили суд чиқарган ҳукмни қайта ижро этишга қарор қилганини билдирган. Кинорежиссёрни «Эвин» қамоқхонасига ташлашган.

2022 йил октябрь ойида бўлиб ўтган суд жараёнида Панаҳийнинг адвокати Олий судга 2010 йилдаги ҳукм ўн йиллик даъво муддатига эга эканини, яъни унинг муддати аллақачон ўтиб кетганини айтади. Суд ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризага рухсат беради, бунинг натижасида Панаҳий автоматик равишда гаров эвазига озод этилиши лозим бўлган, бироқ расмийлар киноижодкорни «Эвин» қамоқхонасидан озод қилишмаган.

Таъкидлаш жоиз, Панаҳийнинг гаров эвазига озод этилиши мумкинлигига доир қарор Олий суд томонидан Эронда сентябрь ўрталаридан ноябрь ойи охиригача бўлиб ўтган кенг кўламли ҳукуматга қарши намойишлар фонида чиқарилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ