Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Ислом инқилобининг навбатдаги йиллик байрами муносабати билан «ўн минглаб» маҳбусларни, жумладан, 2022 йил кузида бўлиб ўтган аксилҳукумат намойишларида қатнашгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинганларни афв этди. Бу ҳақда IRNA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Хоманаий ҳукуматга қарши намойишлар чоғида ҳибсга олинган ўн минглаб айбланувчиларни афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисидаги суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Моҳсени-Эжеийнинг таклифига рози бўлди, дейилади хабарда.
IRNA хабарига кўра, амнистия қотилликда айбланган, шунингдек, давлат мулкини йўқ қилиш, уни шикастлаш ёки унга ўт қўйишда айбланганларга нисбатан қўлланилмайди. Бундан ташқари, жосусликда ва хорижий разведка хизматларида ишлаганликда айбланганлар афв этилмайди.
Эрондаги тартибсизликлар ўтган йил сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли Маҳса Аминининг дафн маросимидан кейин бошланди. Расмий версияга кўра, полиция Аминини нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олган, сўроқ пайтида у юрак хуружига учраган ва вафот этган. Бироқ, ижтимоий тармоқларда Амини полиция томонидан қаттиқ калтаклангани ҳақида маълумот тарқалган. 7 октябрь куни Эрон суд-тиббиёт экспертизаси ташкилоти қизнинг ўлими сабаблари бўйича расмий ҳисобот эълон қилиб, унга ҳеч қандай шикаст етказилмаганини маълум қилган. Бироқ норозилик намойишлари фақат ноябрь ойининг охирига келиб пасайган.
Тўрт намойишчи тартибсизликларни қўзғатганлик ва хавфсизлик кучлари ходимларига ҳужум қилгани учун ўлимга ҳукм қилинди. Биринчи қатл 8 декабрда ижро этилди.