Саудия Арабистони дипломатлари Афғонистон пойтахтида «террорчилик хуружлари хавфи юқорилиги» сабаб Кобулни тарк этишди

Саудия Арабистони элчихонасидаги давлат байроғи. TOLOnews сайти фотосурати

Саудия Арабистони дипломатлари Афғонистон пойтахтида терактлар содир этилиши хавфи юқорилиги ҳақидаги огоҳлантиришлар ортидан ўтган ҳафта охирида Кобулдан Покистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда дипломатик муҳитдаги манбаларга таяниб, Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Саудия дипломатлари Исломободда қанча вақт қолишни режалаштираётгани ҳозирча номаълум.

Ўз навбатида, 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати вакиллари Кобулда хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар йўқлигини даъво қилишмоқда.

«Улар [Саудия дипломатлари] хавфсизлик масаласини ўзлари тилга олдилар, биз бу ерда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпмиз, чунки Афғонистондаги, айниқса Кобулдаги хавфсизлик ҳолати қониқарли. Элчихоналар кўплаб қўриқчилар билан таъминланган», — дейди толиблар вакили Забиулла Мужоҳид.

Таъкидлаш жоиз, толиблар режими дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган, бироқ айрим давлатлар, хусусан, Хитой, Туркия, Покистон, Эрон, Россия ва бошқа баъзи давлатларнинг Кобулда дипломатик ваколатхоналари фаолият юритмоқда.

Толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан бери Ироқ ва Шом ислом давлати* (ИШИД) террорчилик гуруҳи Афғонистон пойтахтида хорижликларга, жумладан, ўтган йил сентябрь ойида Россия элчихонасига қарши бир неча ҳужумларни уюштирди. 5 сентябрь куни ИШИДга қарашли худкуш-террорчи Россия дипломатик миссияси консуллик бўлимига кираверишда ўзини портлатиб юборди. Консуллик ходими визага номзодларни эълон қилиш учун навбатда турган одамлар олдига чиққан пайтда у портловчи мосламани ишга туширган. Натижада Россия элчихонасининг икки ходими ҳалок бўлган: иккинчи котиб Михаил Шах ва мутахассис эксперт (хавфсизлик ходими) Адигжи Кужугет. Улардан ташқари, элчихона атрофини қўриқлаётган икки «Толибон» жангариси ва навбатда турган олти нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ