Замир Кабулов: Афғонларнинг толибларга нисбатан сабри тугаши мумкин

Замир Кабулов. РФ ТИВ сайти фотосурати

2021 йил август ойидан бери Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракатига ҳозирда жуда қийин аҳволда яшаётган халқ барҳам бериши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов Ҳиндистоннинг The Week журналига берган интервьюсида гапириб ўтди.

Унинг фикрича, толиблар ҳозирда жиддий рақибларга эга бўлсалар-да, агар мавжуд тенденциялар давом этадиган бўлса, қўзғолон афғон халқининг одатий реакциясига айланишини тушунмаяптилар ва уларнинг ҳозирги шароитда омон қолиши жуда қийин.

«Толиблар, аввалги қўғирчоқ ҳукумат сингари, афғонлардек бир парча нон ва сувга шукр қиладиган одамларга эга бўлганиуларнинг омади. Бироқ, барча нарсанинг чегараси бор, энди бундай давом этиши мумкин эмас.
Биз Афғонистон билан бизнес юритиш ва гуманитар ёрдам жўнатиш орқали афғон халқига нисбатан бу босимни юмшатиш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз ва буни давом эттирамиз ҳам. Аммо «Толибон» вазиятни яхшилаш учун институционал чоралар кўриши ёки ҳеч бўлмаганда биз ҳозир сезмаётган – яхшиланиш учун йўлларни очиши керак», — деди Кабулов.

Расмийнинг сўзларига кўра, агар дипломатик саъй-ҳаракатлар натижа бермаса, «дипломатиядан анча кучлироқ бўлган яна бир элемент бор – бу ҳам бўлса ҳаёт». Ҳаёт толибларни ўзгаришга мажбур қилади. Лекин бунинг учун афғон халқи эмас, ўзлари азоб чекиши керак бўлади. «Толибон» ўзларида бор нарсадан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлигини тушуниши керак», — деди Кабулов.

Аввалроқ Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев «Толибон»ни танқид қилиб, Афғонистондаги вазият салбий сценарий бўйича ривожланаётганини таъкидлаган эди.

«Толибон ҳокимиятга келганидан кейин берган ваъдаларининг деярли барчасини (халқаро террорчилик ташкилотларига қарши кураш, инклюзив ҳукумат яратиш, наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва контрабандасига қарши кураш) бажармади», — деди дипломат.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ