Эрон ҳукуматини танқид қилган режиссёр етти ойлик қамоқдан кейин озод этилди

МУҲАММАД РАСУЛОФ. HOLLYWOOD REPORTERС САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Таниқли кинорежиссёр Муҳаммад Расулоф етти ойлик қамоқдан сўнг озодликка чиқди. Бу ҳақда «Фарда» радиоси (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг форс хизмати) хабар берди.

Режиссёр 12 февраль куни Теҳрондаги «Эвин» қамоқхонасидан озод қилинган.

2020 йилги Берлин кинофестивалида «Ёвузликка ўрин йўқ» фильми учун «Олтин айиқ» мукофотини қўлга киритган Расулоф ўтган йил июль ойида бошқа маҳаллий режиссёр Мустафо Алиаҳмад билан бирга Эрон ҳукумати томонидан ҳибсга олинган эди. Иккала киноижодкор ҳам Эрон ҳукуматини танқид қилган. Улар Эроннинг бошқа маданият арбоблари ва фаоллари билан биргаликда Ободонда бино қулаши оқибатида одамлар ҳалок бўлганидан кейин бошланган намойишларни бостиришни қораловчи «Қуролларингизни туширинглар» деган мурожаатни имзолаганлар.

Расмийлар расман эълон қилганидек, Расулоф аввалги иш доирасида ҳибсга олинган: 2020 йил март ойида у ҳукуматга қарши ташвиқотда айбланиб, бир йилга ҳукм қилинган.

Расулоф яна бир таниқли эронлик кинорежиссёр Жафар Панаҳий ўша «Эвин»дан озод этилганидан бир неча кун ўтиб қамоқдан чиқди. У Расулоф ва Алиаҳмадий ҳибсга олинганидан кўп ўтмай — маҳаллий прокуратурада уларнинг қаердалигини билмоқчи бўлганида ҳибсга олинган.

Таъкидлаш жоиз, 62 ёшли Панаҳий очлик эълон қилганидан икки кун ўтиб қўйиб юборилган. «Жаноб Панаҳийнинг озод этилганидан мамнун бўлсам-да, шуни айтиш керакки, бу уч ой олдин бўлиши керак эди», — деди унинг адвокати Солиҳ Никбахт.

Режиссернинг ўзи очлик эълон қилишига ҳокимиятнинг ўзбошимчалиги сабаб бўлган ва уни 2010 йилда чиқарилган ҳукм асосида қамоққа юборишган. Кейин режиссёр муддатнинг бир қисмини қамоқда ўтказган ва шартли равишда озод қилинган. 2022 йил июль ойида Панаҳий режиссёрларнинг ҳибсга олинишига қарши чиққанидан сўнг, суд барибир унинг тўлиқ жазо муддатини ўташи кераклигини эълон қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ