ЮНИСЕФ: Январь ойида юзлаб афғон болалари совуқ ва касалликлардан ҳалок бўлди

ЮНИСЕФ логотипларидан бири

Январь ойида Афғонистонда юзлаб болалар аномал совуқ об-ҳаво ва касалликлардан ҳалок бўлди. Бундай маълумотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) томонидан тақдим этилган.

«Афғонистондаги шафқатсиз қиш аҳолининг энг ҳимоясиз қатламларига қирон келтиришда давом этмоқда. Январь ойида совуқ ҳаво ва касалликлар туфайли юзлаб болалар ҳалок бўлди. ЮНИCEФ ўз фарзандарини йўқотганларга самимий ҳамдардлик билдиради, марҳум болаларнинг руҳлари ором топсин», — дейилади жамғарманинг Афғонистондаги ваколатхонаси баёнотида.

Афғонистон табиий офатларга қарши кураш давлат вазирлиги матбуот котиби мулла Абдулла Муҳаммадий (Abdullah Mohammadi) ўз навбатида, қаттиқ совуқ, сув тошқини ва ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлган аҳоли сони ҳақидаги маълумотларни келтирди.

«Бугунга қадар мамлакатнинг 24 вилоятида 180 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ киши жароҳатланди, 150 дан ортиқ уй тўлиқ ёки қисман вайрон бўлди, 83 минг бош чорва моллари нобуд бўлди», — дейди Муҳаммадий.

Афғонистонлик ижтимоий эксперт Аҳмад Файиқ (Ahmad Fayeq) нинг айтишича, совуқ мавсумда ўлим ҳолатларининг олдини олиш учун ҳукумат заиф ҳудудларни ёқилғи, бепул дори-дармон ва тиббий ёрдам билан таъминлаши керак.

Аввалроқ халқаро ёрдам ташкилотлари, жумладан, ЮНИСEФ 2022 йил декабрида толибларнинг Афғонистон заминида турли гуманитар лойиҳаларни амалга оширувчи хорижий ноҳукумат ташкилотларида (ННТ) аёлларнинг ишлашига қўйган тақиқини танқид қилиб, уни бекор қилишга чақирган эди. Нодавлат нотижорат ташкилотларида аёлларнинг ишлашини чеклаш аксарият ташкилотларнинг Афғонистондаги лойиҳаларини қисқартиришига олиб келди, чунки улар ўз фаолиятларида аёл ходимларсиз ишлай олмайдилар

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ