Thales Alenia Space Франция-Италия компанияси Туркманистоннинг космик саноати учун муҳандислар ва операторлар ўқув курсларини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилган. Бу ҳақда Turkmenportal хабар берди.
Компаниянинг экспорт бўйича вице-президенти Эрик Имберт ва Евросиё минтақаси бўйича вице-президенти Кристоф Лановски «Туркменарагатнашык» («Туркманалоқа») агентлиги раиси Хожимурат Худайгулиев билан учрашувда Туркманистонга космик соҳани ривожлантиришда ёрдам беришга тайёр эканликларини маълум қилишган.
Бундан ташқари, томонлар киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтадиган «ТуркменТел-2023» халқаро кўргазма ва илмий конференцияда компания вакилларининг иштирокини муҳокама қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Thales Alenia Space 2015 йили Американинг SpaceX компанияси ракетаси орқали орбитага етказилган Turkmen Alem — биринчи туркман космик сунъий йўлдошини яратишда иштирок этган.
Туркманистонни Turkmen Alem сунъий йўлдошидан ташқари орбитанинг қаеридадир сузиб юрган мамлакат байроғи, президентлик штандарти, шунингдек биринчи президент Сапармурод Ниёзовнинг «Рухнома» китоби ортилган контейнер ҳам коинот билан боғлайди. Улар коинотга 2004-2005 йиллари Россия ракета-элтувчилари орқали етказилган. Бундан ташқари, Туркманистонда туғилиб ўсган россиялик космонавт Олег Кононенко яқинда республикада халқ қаҳрамони сифатида тан олинди.
Thales Alenia Space Европанинг етакчи сунъий йўлдош тизимлари компанияларидан бири бўлиб, космик алоқалар, Ерни масофадан зондлаш, навигация ва илм-фан соҳасида илғор ечимларни таклиф этади.