Кобулдаги теракт оқибатида ҳалок бўлган икки қизнинг қабри устида кутубхона пайдо бўлди

Ҳазора қизлар қабри устида пайдо бўлган кутубхона. «Ал Жазира» сайти фотосурати

Афғонистон пойтахти Кобулда террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган икки ҳазора опа-сингиллар қабрида устида ўз-ўзидан кутубхона пайдо бўлди. Унинг пайдо бўлиш тарихини «Ал Жазира» телеканали тасвирлаб берган.

Амакиваччалар Марзия (Marzia) ва Ҳажар Муҳаммадий (Hajar Mohammadi) лар ўтган сентябрь ойида Кобул ғарбидаги Каж ўқув марказида содир этилган терактда ҳалок бўлишган. Қизлар 16 ёшда бўлишган. Талаба қизлар йиғилган синф хоналаридан бирида худкуш террорчи ўзини портлатиб юборган. Ўша ҳужумда жами 53 талаба ҳалок бўлганди.

Таълим марказидаги портлаш учун масъулиятни ҳеч бир террорчи гуруҳ ўз зиммасига олмайди, бироқ уни «Ироқ ва Шом Ислом Давлати»* (ИШИД) нинг Афғонистондаги бўлими уюштиргани тахмин қилинмоқда, зеро мазкур террорчилар шиа ҳазораларига мунтазам ҳужумлар уюштириб келишган, ўлган талабалар эса шиа мазҳабига мансуб эдилар . 2021 йил августидан, яъни «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери ИШИД ҳазораларга қарши 13 та ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган, бунда 700 га яқин одам ҳалок бўлган ва яраланганди.

Ўлган опа-сингиллар қариндошларининг сўзларига кўра, улар ўқишни яхши кўришган, шунинг учун дафн этилгандан сўнг қабрига атиргуллар билан бирга қариндошлари қизларга кўпроқ ёққан бир нечта китобларни қолдиришган. Бир ҳафта ўтгач, қизларнинг қабрини зиёрат қилган қариндошлар у ерда нотаниш одамлар томонидан қолдирилган яна бир нечта китобларни кўрадилар — аксарияти Дари ва бир нечтаси инглиз тилидаги китоблар бўлган.

Орадан бир ҳафта ўтиб, қизларнинг қабрлари устида йигирмата китоб йиғилади, улар орасида турк-инглиз ёзувчиси Элиф Шафак, америкалик Рэйчел Ҳоллис ва Ироқда бир неча ой ИШИД чилар қўлида қул бўлиб яшаган ироқлик ҳуқуқ ҳимоячиси Надия Муроднинг китоблари ҳам бор эди.

Дафн маросимидан бир ой ўтгач, қизларнинг қариндошлари қабр ёнига китоб жавонини қўйишади. Жавонда йигирмага яқин китоблар сақланади, улар ойнали эшиклар билан ҳимояланган бўлиб, у ердан осонгина китобларни олса бўлади.

Жорий йилнинг февраль ойида Марзия ва Ҳажарнинг қариндошлари Ғазни вилоятидаги бошланғич мактабда вафот этган опа-сингиллар шарафига иккинчи оммавий кутубхонани очдилар, қизлар Кобулга кўчиб кетишдан олдин бу ерда ўқишганди. Бу кутубхонага 30 га яқин китоб келтирилган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилгач, толиблар қизларнинг таълим олишини ҳар томонлама чеклай бошладилар. Жумладан, улар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришини тақиқладилар. Бундан ташқари, «Толибон» қизларга университетларда ўқишни, аёлларга эса ўз бизнесини юритиш ва хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлади.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ