Туркия мухолифати президентлик сайловларидаги ягона номзодини эълон қилди

Камол Киличдарўғли. sabah.com.tr сайти фотосурати

Мухолифатдаги «Халқ альянси» Туркия президентлигига Республика Халқ партияси (РХП) раиси Камол Қиличдарўғлини номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда Milliyet нашри хабар берди.

Deutsche Welle (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) таъкидлаганидек, олти партияни ўз ичига олган «Халқ альянси» узоқ вақт давомида президентлик учун ягона мухолифат номзоди бўйича келиша олмаган. Коалициянинг беш аъзоси Кемал Киличдароғлунинг номзодини қўллаб-қувватлаган. «Яхши партия» етакчиси Мерал Акшенер Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ёки Анқара ҳокими Мансур Явасни номзод қилиб кўрсатишни таклиф қилган, улар айни пайтда РХП аъзоси. Музокаралар чоғида Акшенер, агар мухолифат ғалаба қозонса, Анқара ва Истанбул мэрлари – иттифоққа аъзо бошқа беш партия етакчилари билан бир қаторда вице-президентлар бўлади, деган ваъда эвазига «Халқ альянси»ни тарк этмасликка рози бўлган.

Шундай қилиб, агар Киличдароғлу давлатга бошчилик қилса, еттита вице-президент бўлади (ҳозир битта). Туркия парламент бошқаруви шаклига қайтади, Ражаб Тоййиб Эрдўғон уни президентлик бошқарувига алмаштирганди. «Халқ альянси» инфляцияга қарши кураш олиб бориш, мамлакат марказий банки мустақиллигини тиклаш ва Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлини давом эттириш ниятида.

Туркияда президентлик сайловлари 2023 йилнинг 18 июнидан кечиктирмай ўтказилиши керак. Январь ойида Эрдўғон сайловларни 14 май куни ўтказишга рухсат берган эди. Президент сайлови билан бир вақтда парламент сайловлари ҳам ўтказилади.

ℹ️ 74 ёшли Камол Киличдароғлу ҳинд фуқаролик ҳуқуқи ҳаракати етакчиси Маҳатма Гандига ўхшашлиги учун «турк Гандиси» номи билан танилган. Маълумоти бўйича иқтисодчи. Камол Отатурк томонидан асос солинган Туркиянинг энг қадимги партияси РХПга 2010 йилдан бери етакчилик қилиб келади.

«Халқ альянси» таркибига РХП ва «Яхши партия»дан ташқари «Бахт партияси» (раҳбари – Темел Карамоллаўғли), «Демократия ва тараққиёт партияси» (Али Бабажон), «Келажак партияси» (Аҳмет Довутўғли) ва «Демократик партия» (Гултекин Уйсал) киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ