Туркия зилзиладан кўрилган зарарни БМТдан камроқ миқдорда баҳолади

Ваҳит Киришчи. TRT телеканали сайти фотосурати

Туркияда 6 февраль куни содир бўлган зилзила мамлакатга 80 миллиард доллар зарар етказди, деб хабар берди журналистларга Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ваҳит Киришчи, деб ёзади Sabah нашри.

Вазирнинг таъкидлашича, экин майдонларини босимли сув таъминоти тизими билан суғоришни бошлаш вақти келганида биргина Туркия сув ресурслари бошқармасининг молиявий йўқотишлари ортиши мумкин. Бундан ташқари, табиий офатдан жабр кўрган ҳудудлар экспорт учун 40 фоизга кам маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди. Киришчига кўра, фалокатдан омон қолган вилоятларнинг Туркия экспортидаги улуши тахминан 15,5 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 10 фоизга тушиб кетган.

Ўз навбатида, 7 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури вакили Луиза Винтон журналистларга Туркия зилзила натижасида 100 миллиард доллар зарар кўрганини маълум қилди.

Винтоннинг аниқлик киритишича, гап Суриянинг вайронагарчиликларини ҳисобга олмаган ҳолда, фақат элементлар етказган зарар ҳақида кетяпти – Сурия шимоли-ғарбидаги ҳудудлар ҳам катаклизмдан жиддий зарар кўрган.

Расмийлар эълон қилган иккала рақам ҳам Жаҳон банкининг аввалроқ тахмин қилган 34,2 миллиард доллардан анча юқори.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркияда 7,7 магнитудали зилзила содир бўлиб, ундан кейин кучсизроқ силкинишлар рўй берган эди. Табиий офат Суриянинг ҳукумат кучлари назорат қилмайдиган шимоли-ғарбий ҳудудларига ҳам таъсир кўрсатган ва бу ҳолат жабрланганларга халқаро ёрдам кўрсатишга катта тўсқинлик қилган.

Зилзила қурбонлари сони, сўнгги маълумотларга кўра, 46 минг кишидан ошган. Ер силкинишлари натижасида тектоник ёриқлар пайдо бўлган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ушбу фалокатни мамлакат тарихидаги энг даҳшатли воқеа деб атади.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, табиий офатлар туфайли вайрон бўлган, аварияга учраган ва жиддий шикастланган бинолар сони 230 мингга яқин. Туркияда уларни қуриш жараёнида қонунбузарликлар бўлгани учун тергов олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ