Афғонистонда Ўзбекистон билан чегарадош вилоят губернатори ўлдирилди

Муҳаммад Довуд Музаммил. Etilaatroz сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан Балх вилоятига губернатор этиб тайинланган Муҳаммад Довуд Музаммил (Mohammad Dawood Muzammil) 9 март куни эрталаб содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда

TOLOnews телеканади «Толибон» ҳаракатининг Балхдаги куч тузилмаларига таяниб хабар беради.

Таъкидланишича, Музаммил Мозори Шариф шаҳрида жойлашган вилоят маъмуриятида содир бўлган портлаш натижасида ҳалок бўлган. Портлаш маъмурият биносининг иккинчи қаватида портловчи моддалар солинган жилет кийган худкуш томонидан содир этилган. Губернатордан ташқари яна иккита одам ўлган.

Бугунги кунга қадар у «Толибон» томонидан тайинланган ва вафот этган энг юқори мартабали амалдор ҳисобланади.

Ҳозирча Афғонистонда фаолият юритаётган толибларга қарши гуруҳлардан ҳеч бири мазкур ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Таъкилаш жоиз, Балх Ўзбекистон билан чегарадош бўлиб, айнан шу вилоят орқали Ўзбекистондан Афғонистонга турли маҳсулотлар ва инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, халқаро юклар олиб келинади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Термизи Мозори Шариф билан темир йўл орқали боғланган. Шаҳарга Ўзбекистоннинг турли делегациялари мунтазам ташриф буюради.

Ўтган йил 5 июль куни Термиз шаҳридаги «Мажнунтол» маҳалласида Балх вилоятидан отилган бешта ракета қулаган эди. Оқибатда тўртта хусусий уйга бироз зарар етган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳудуди «Ислом давлати»* террорчилик ташкилотининг Афғонистондаги бўлими жангарилари томонидан Suzuki микровэнининг орқа қисмида жойлашган ўқ отиш мосламасидан ўққа тутилган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ