Россиянинг «Газпром» трансмиллий энергетика компанияси миллий терма жамоалар ўртасидаги футбол бўйича Марказий Осиё чемпионатига (CАFА) ҳомийлик қилади. Бу ҳақда Metaratings хабар берди.
Турнир 9-21 июнь кунлари Бишкек ва Тошкент шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган. Унда саккизта жамоа иштирок этади. Шу кунгача CАFАнинг барча олти аъзоси — Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон чемпионатда иштирок этиш учун дастлабки розиликни берган. Россия терма жамоаси мусобақада иштирок этиши ҳақида хабар берилганди, аммо ҳозирча РФ Футбол Федерациясида айтишларича, бу имконият фақат кўриб чиқилмоқда. Чемпионатнинг саккизинчи жамоаси Таиланд терма жамоаси бўлиши мумкин.
Турнир регламентига кўра, саккизта жамоа икки гуруҳга бўлинган. Бир гуруҳ ўйинлари Тошкентда, иккинчиси Бишкекда ўтказилади. Гуруҳ ғолиблари финалда тўқнаш келишади. Ўз квартетларида иккинчи бўлган жамоалар чемпионатда учинчи ўрин учун кураш олиб боради. Ҳар икки финал учрашуви Тошкентда бўлиб ўтади.
«Газпром» кўп йиллар давомида спортни қўллаб-қувватлаб келади. Хусусан, компания УEФА Чемпионлар Лигаси, шунингдек, Германиянинг «Шальке» футбол клуби ҳомийси бўлган. Бироқ, Россия Украинада махсус ҳарбий операция ўтказишини эълон қилгач, европаликлар «Газпром»ни қўллаб-қувватлашдан бош тортишди. Шу билан бирга, «Газпром» Россиянинг кўплаб спорт жамоалари, клублари ва турнирларининг ҳомийси бўлиб қолмоқда, шунингдек, Сербиянинг «Црвена Звезда» футбол клубининг титул ҳомийси ҳисобланади.