Европа Иттифоқи БМТни Эронда ўқувчи қизларнинг оммавий заҳарланиши бўйича мустақил тергов ўтказишга чақирди

Теҳрон шифохонасига қизларини йўқлаб келган ота-оналар. Reuters айти фотосурати

Европа Иттифоқи парламенти БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини сўнгги ойларда Эронда ўқувчи қизларнинг оммавий заҳарланиши бўйича мустақил текширув ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Эрон давлат матбуоти ва расмийларига кўра, 13 минг мактаб ўқувчиси, асосан, қизлар «заҳарланишлар»дан кейин касал бўлиб қолишган. Айрим расмийлар заҳарланишда қизларнинг таълим олишига қарши бўлган диний гуруҳларни айбладилар.

Европа Иттифоқи парламенти ўз резолюциясида «Эрондаги аёллар ва қизларнинг овозини ўчиришга қаратилган бу шафқатсиз уриниш»ни кескин қоралади. Парламент аъзолари, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатларни Эронни тарк этиши керак бўлган «аёллар ва қизларга» визалар, бошпана ва фавқулодда субсидиялар беришни осонлаштиришга чақирди.

Айрим фуқаролик жамияти фаоллари Эрон ҳукуматини мактаб ўқувчилари ўтган кузда ҳукуматга қарши оммавий намойишларда фаол қатнашгани учун улардан ўч олиш мақсадида заҳарланишларни уюштирганликда айбламоқда.

Март ойи бошида Эрон президенти Иброҳим Раисий ўзининг разведка ва ички ишлар вазирларидан заҳарланиш ҳолатларини текширишни сўраганини айтиб, бу ишларни «халқ орасида қўрқув ва умидсизлик уйғотиш учун душман фитнаси» деб атаган эди.

Ўз навбатида, Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канааний заҳарланиш ҳолатларини текшириш «ҳукуматнинг оилалар ташвишини енгиллаштириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга қаратилган устувор вазифаларидан бири бўлиши»ни ваъда қилди.

12 март куни Эронда ҳуқуқ-тартибот идоралари ўқувчи қизларнинг оммавий заҳарланишига алоқадор 100 дан ортиқ кишини ҳибсга олгани маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ