Аркадаг Эрдоған номзодини Нобел тинчлик мукофотига илгари суришни таклиф қилди

Режеп Эрдоған ва Гурбангули Бердимуҳамедов. oxu.az сайти фотосурати

Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси, республиканинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити чоғида Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған номзодини Нобел тинчлик мукофотига илгари суришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Нейтральный Туркменистан» нашри хабар берди.

Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, у Эрдўғонни 22 йилдан бери танийди ва уни ажойиб шахс ва сиёсатчи деб билади. Туркманистонлик сиёсатчи Туркия президентининг «минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш»га қўшган ҳиссасини ҳам қайд этиб ўтди.

«Бундан келиб чиқиб, Туркия Республикаси Президенти номзодини Нобел тинчлик мукофотига кўрсатиш таклиф қилинмоқда ва биз бу йўналишдаги барча таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. У мазкур халқаро мукофотга лойиқ раҳбар», — деди Туркманистоннинг собиқ раҳбари.

«Агар 21 асрда ислом дунёси мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари орасида ушбу мукофотга сазовор бўлган биринчи шахс сифатида Режеп Таййип Эрдоған номи тарихнинг олтин саҳифаларига ёзилса, мақсадга мувофиқ бўларди», дея қўшимча қилди Бердимуҳамедов.

Саммит фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда ТДТга аъзо барча беш давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этди. Иштирокчилар орасида, шунингдек, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва Ташкилотдаги кузатувчи мамлакатлар вакиллари: Туркманистон Халқ Маслаҳатияси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам бор эди.

Саммитда кузатувчи давлат президенти сифатида ўзини мустақил деб эълон қилган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) раҳбари Эрсин Татар ҳам иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ