Қозоғистон мусулмон мамлакатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган бир қатор халқаро шартномалардан иборат «Авраам келишувлари»га қўшилди. АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳақда ўзи, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасидаги қўшма телефон қўнғироғидан сўнг маълум қилди (суҳбат Тўқаевнинг Вашингтондаги Оқ уй раҳбари билан учрашуви пайтида бўлиб ўтган).
«Қозоғистон менинг иккинчи муддатимда «Авраам келишувлари»га қўшилган биринчи давлат бўлди, бу кўплаб мамлакатлардан биринчиси. Бу бутун дунё бўйлаб ришталар боғланишида муҳим қадамдир», — деб ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоқ платформасида ва яқин орада расмий имзолаш маросимини эълон қилишини ваъда қилган.
Тўқаевнинг матбуот хизмати, ўз навбатида, Қозоғистон «Авраам келишувлари»га қўшилиш орқали «қарама-қаршиликни енгиб ўтишга, мулоқотни ривожлантиришга ва БМТ Низомига асосланган халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшишга интилаётганини» таъкидлади.
«Қозоғистоннинг қарори мамлакатимизнинг бирон бир давлат билан икки томонлама мажбуриятларига таъсир қилмайди, балки тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган кўп томонлама дипломатиянинг табиий давоми ва намоёнидир», — деб қўшимча қилади Оқўрда.
Axios портали кеча АҚШнинг юқори лавозимли амалдорига таяниб, Остонанинг «Авраам келишувлари»га қўшилиш ниятини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракат асосан рамзий маънога эга, чунки Қозоғистон ва Исроил узоқ вақтдан бери нормал дипломатик муносабатларни сақлаб келмоқда. Мақолада айтилишича, бу, эҳтимол, «Авраам келишувлари»ни АҚШ бошчилигидаги Исроил ва араб ва мусулмон дунёси ўртасидаги ҳамкорликни қайта жонлантиришга қаратилган, дейилади мақолада.
«Авраам келишувлари» Трампнинг биринчи муддати давомида 2020 йили АҚШ иштирокида Исроил ва учта араб давлати — Баҳрайн, БАА ва Марокаш ўртасида имзоланган нормаллаштириш шартномаси. Шартномалар дипломатик алоқаларни ўрнатиш ва элчихоналар очишни, шунингдек, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутади.



