АҚШ Давлат департаменти Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам Эмомалини отасининг вориси деб атади. Бу ҳақда АҚШ департаментининг дунёнинг турли мамлакатларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилувчи йиллик ҳисоботида таъкидланган.
Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, Душанбе мэри Рустам Эмомали 2020 йил апрель ойида Тожикистон парламенти юқори палатаси спикери лавозимини эгаллаганидан сўнг мамлакатда иккинчи ва президентлик учун навбатдаги биринчи шахсга айланган.
Шу билан бирга, таҳлилчиларга кўра, 2020 йилги парламент сайловлари худди ўша йили бўлиб ўтган президентлик сайловлари каби «на эркин ва на адолатли» бўлган.
Давлат департаменти Тожикистонни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери Эмомали Раҳмон бошқарувидаги авторитар давлат деб билади. Масалан, республиканинг барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва божхона хизмати бевосита президентга бўйсунади.
«Мамлакат конституциясида кўппартиявийлик назарда тутилган бўлса-да, ҳукумат тарихан сиёсий плюрализмга тўсқинлик қилиб келган», — дейилади ҳисоботда.
«Озоди» радиоси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабарига кўра, аввалроқ Тожикистон ҳукумати АҚШ Давлат департаменти ҳисоботларини сиёсийлаштирилгани учун танқид қилган. Душанбе ҳужжатда «мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мавжуд вазиятнинг холисона таҳлили йўқ», деб ҳисоблайди ва маърузачилар асосан «эълон қилинган маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа туғдирувчи манфаатдор манбалардан олинган маълумотларга таянишган».
АҚШ Давлат департаменти қарийб 50 йилдан бери инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботларни чоп этиб келади. Таҳлилчилар ҳужжатни маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, шунингдек, статистика идоралари билан ҳамкорликда тайёрлашади.
ℹ️ Қўшимча қилиб лозим, Марказий Осиёнинг постсовет республикаларида президентлар ҳокимиятдан воз кечишни истамайдилар, баъзан улар Конституцияга ўзгартиришлар киритишга, аввалги муддатларни «ноллаштириб» яна сайланишга уринадилар.
Ўзбекистонда мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб 2016 йил вафотига қадар мамлакатни Ислом Каримов 26 йил бошқарган. Орадан бир неча ой ўтиб Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари этиб сайланди. Апрель ойи охирида Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади, бу эса Мирзиёевга президентлик муддатини ноллаштириш ва яна 14 йил давлат раҳбари лавозимини эгаллаш имконини беради.
Туркманистонда мустақиллик йилларида ҳокимият тепасига келган Сапармурод Ниёзов 2006 йил вафотига қадар президентлик лавозимида қолди. Унинг вориси Гурбангули Бердимуҳамедов бўлди, у 2022 йил мартида ўз ўғли Сердар Бердимуҳамедовга йўл бериб, мамлакат парламенти спикери бўлди.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бу лавозимни 1990 йилдан 2019 йилгача эгаллаб келган. Кейин у ўз хоҳиши билан истеъфога чиқади. Бир муддат президент вазифасини 2019 йил июн ойида навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказган ва унда ғалаба қозонган парламент юқори палатаси спикери Қосим-Жомарт Тўқаев бажарган. Ўтган йилнинг кузида мамлакатда яна сайловлар бўлиб ўтди (конституцияга киритилган ўзгартиришлар туфайли), унга кўра Тўқаев камида етти йил президентлик курсисида қолади.
Фақат Қирғизистонда президентлар тез-тез ўзгариб турган, аммо бу қоида тариқасида — инқилоблар ва халқ тартибсизликлари эвазига юз берган. Вазифасини бажарувчи мақоми ҳисобга олинмаса, республикада олтита президент бўлган: Асқар Акаев (1990-2005), Қурманбек Бакиев (2005-2010), Роза Отунбаева (2010-2011), Алмазбек Атамбаев (2011-2017-йиллар), Сооронбай Жээнбеков (2017 йилдан 2020 йилгача) ва ҳозирги давлат раҳбари Садир Жапаров.