Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги саратон касаллигига қарши мўъжизавий дори яратилганини рад этди

involta.media сайти фотосурати

Ўзбекистонда саратон касаллигини даволашга қодир препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб хабар беради Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Гап Ядро физикаси институтида ишлаб чиқилган препарат ҳақида кетмоқда, унинг таркибига «лютеций-177» радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали «антиген-617» оқсил моддаси киради. Ушбу дорининг тўртинчи босқич саратон касаллигини 99 фоизга даволай олиши ҳақида институт директори Илҳом Содиқов гапирган.

ССВ ушбу дори воситаси АҚШ, Европа ва Осиёда фақат простата ва нейроэндокрин тизим ўсмаларини ташхислаш ва даволашда қўлланилишини таъкидлайди.

«Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазланиш жараёнидагина ишлатилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов.

Ўзбекистон Фанлар академияси ушбу дори кекса эркакларда саратонга чалинган простата безини даволашда самарали эканига ойдинлик киритди. «Шу билан бирга, тўртинчи ва бешинчи дозалар тананинг бошқа қисмларида метастазларга терапевтик таъсир кўрсатиши кузатилди», — дейилади ФА ҳисоботида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича,

Ўзбекистонда битта тиббиёт муассасасида атиги 3 нафар беморни даволашда юқорида қайд этилган воситадан фойдаланилган. Беморларда ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва оғриқ даражаси сезиларли даражада камайган.

«Шу билан бирга, ҳар қандай янги дори воситаси амалиётда фойдаланилишидан токи самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилади», — дейилади ССВ хабарида.

Вазирлик таъкидлашича, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ