Афғонистонлик қизлар учун мактабларни ривожлантириш бўйича Pen Path лойиҳаси асосчиси Матиуллоҳ Веса (Matiullah Wesa) Кобулда «Толибон»* жангарилари томонидан ҳибсга олинган. Бу ҳақда 28 март куни БМТнинг Афғонистондаги миссияси Twitterдаги саҳифасида маълум қилди.
Веса 27 март куни ҳибсга олинган. Миссия толиблардан фаолнинг қаердалигини, унинг ҳибсга олингани сабабларини маълум қилишни, унинг адвокатлар ва оиласи билан боғланишига имкон беришини сўраган.
Весанинг акаси Самиуллоҳ (Samiullah) унинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, жангарилар уни душанба куни кечқурун намоздан кейин масжид ёнида қўлга олишган. «Матиуллоҳ намозини тугатиб, масжиддан чиққанида икки машинада бир неча киши уни тўхтатишган. Матиуллоҳ уларнинг гувоҳномасини талаб қилганда, уни калтаклашиб, куч билан олиб кетишган», — дейди Самиуллоҳ Веса.
Матиуллоҳ асос солган Pen Path ташкилоти афғон қизлари учун мактабларни ривожлантириш бўйича кампания олиб боради ва қишлоқларда китоб тарқатади.
2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, де-факто толиблар 12 ёшдан ошган қизларни мактабда ўқишини тақиқлаганидан сўнг, Веса маҳаллий аҳолига таяниб, лойиҳасини давом эттириш учун чекка ҳудудларга боришни давом эттираверган.
«Биз қизлар мактаблари очилишини кутиб соатлар, дақиқалар ва сонияларни санаяпмиз. Мактабларнинг ёпилиши [12 ёшдан ошган қизлар учун] улкан зарар етказишини инкор этиб бўлмайди», — дея у Twitterда ёзган ўтган ҳафта Афғонистонда янги ўқув йили бошланганда.
Толиблар ҳокимиятга келганидан бери доимий равишда аёллар ҳуқуқларини чеклаб келишмоқда. Радикал ҳаракат етакчилари маълум шартлар бажарилса, қизлар учун мактаб очишларини қайта-қайта таъкидлашган. Жумладан, улар ўқув дастурини ислом тамойиллари асосида қайта ишлаб чиқиш учун маблағ ва вақт етишмаслигини важ қилиб кўрсатишади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).