Туркманистон Адлия вазирлиги мамлакат фуқароларига фақат ўз ватанида ажрашиш мажбуриятини юклашни таклиф қилди. Ташаббусга кўра, хорижда ёки ишончли шахс орқали амалга оширилган процедура ноқонуний деб топилади, деб хабар беради «Хроника Туркменистана» нашри.
Расмийлар режасига кўра, республикада фақат мамлакат ичида амалга ошириладиган ажрашиш жараёнини расман тан олиниши тўғрисидаги нормалар жорий этиш кўзда тутилади. Бу, ўз навбатида, Туркманистон фуқароларига тегишли ҳужжатларни тақдим этиш ва алимент тайинланишини кафолатлайди.
Миграция ва миллий анъаналарга бағишланган йиғилишда мазкур ташаббус муҳокама қилинди. Тадбирда Адлия вазирлигидан ташқари Миллий хавфсизлик, Ички ишлар вазирликлари, Прокуратура, Миграция хизмати, Хотин-қизлар иттифоқи, Ёшлар иттифоқи вакиллари иштирок этишди.
Қайд этилишича, Туркманистон фуқаролари ўртасида ажрашиш ҳолатларининг 52 фоизи Туркия билан боғлиқ: турмуш ўртоқлардан бири ё у ерда яшаган ёки суд жараёни тугагандан кейин ишлаш учун кетган.
Расмийлар ажрашган аёллар билан боғлиқ қуйидаги муаммоларни санаб ўтишди:
👉 Туркман аёллари Туркияда маҳаллий аҳоли ёки мигрант ватандошларидан фарзанд кўришади, улардан алимент олмаган ҳолда;
👉 фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларнинг асосий қисмини ажрашганлар ташкил қилади;
👉 улар ўз давлатида болалар нафақасини олиш учун ариза беришади, кейин эса Туркияга кетишади, шунинг учун улар давлатдан ноқонуний равишда тўловлар олишмоқда.
Охирги банд билан боғлиқ масала бўйича апрель охиригача ҳар томонлама текширув ўтказиш ва болалар субсидиясидан фойдаланадиган, лекин Туркманистонда доимий яшамайдиган ота-оналарни аниқлашга қарор қилинди.
Йиғилишда 2020 йил август ойидан бошлаб Туркманистон консулликлари томонидан коронавирус пандемияси сабабли хорижда қолиб кетган ватандошлар паспортларининг амал қилиш муддати узайтирила бошлангани қайд этилди. Расмийларнинг таъкидлашича, биргина Туркиядаги дипломатик ваколатхонага 118 минг киши мурожаат қилган.
Жорий йилнинг март ойида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги барча консулликлар республиканинг 200 минг фуқароси учун паспортларнинг амал қилиш муддатини 2024 йил охиригача узайтирганини маълум қилган эди.
Айни пайтда эски намунадаги паспортга эга Туркманистон фуқароларининг бир қисми муаммоларга дуч келмоқда. Ўтган ҳафтада 15 киши турк чегарачилари томонидан қўйиб юборилмагани учун уйларига уча олмаган.
Туркманистоннинг Истанбулдаги консуллиги ходимларининг тушунтиришича, эски паспорт эгалари уйга қайтгунга қадар амал қилади, уйда эса шахсий гувоҳномаларнинг янги ҳужжатга алмаштирилиши талаб қилинади. Дипломатик миссия Туркия Ташқи ишлар вазирлигига ҳам худди шундай тушунтиришни юбориб, эски паспортга эга бўлган туркман фуқароларининг ватанларига қайтишига тўсқинлик қилмасликни сўраган.
Дипломатлар ватандошларга эски паспортларнинг амал қилиш муддатига оид қоидалар акс эттирилган файлни юклаб олиб, чегарадан ўтаётганда кўрсатишни тавсия қиладилар.