Туркман оти байрами шарафига Сердар Бердимуҳамедовга саккизта от совға қилинди

ОТ СПОРТИ МАЖМУАСИНИНГ ОЧИЛИШИДА. TURKMENISTAN.GOV.TM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Туркман оти миллий байрами доирасида республика президенти Сердар Бердимуҳамедов янги от спорти мажмуасининг очилишида иштирок этди ва унга Ахалтеке зотли саккизта от совға қилинди. Бу ҳақда «Туркменистан. Золотой век» («Туркманистон. Олтин аср») давлат нашри хабар берди.

Нашрнинг аниқлик киритишича, янги от спорти мажмуаси ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида бўлади. Объект Копетдоғ этагидаги Оқ Буғдай этрапида (туман) 40 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда маъмурий бинолар, очиқ арена, 500 ўринли савдо расталари, техник воситалар, 100 ўринли трибуналар, автотураргоҳлар ва бошқалар барпо этилган.

Президентга саккизта от совға қилинди: олтитаси – ҳар бир вилоят ва мамлакат пойтахти Ашхобод шаҳридан, биттаси – ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари номидан ва яна биттаси – Туркманистоннинг барча отшуносларидан.

Тадбирда энг гўзал отни аниқлаш мақсадида мусобақа ўтказилди. Бу йил 2015 йили туғилган Республика Президентининг Ахалтеке от спорти мажмуасидан қатнашган Гошасакар деб номланган от эътироф этилди. Ғолиб мураббийга давлат раҳбари номидан Toyota Fortuner автомобили калити, танлов кубоги ва диплом топширилди.

Ғолиб от ва унинг мураббийи. turkmenistan.gov.tm сайти фотосурати

Шунингдек, Ахалтеке отларининг мамлакат ҳаётидаги ўрнини тарғиб қилган ижодкорларга Сердар Бердимуҳамедовнинг совғалари топширилди.

Президент байрамга бағишланган тадбирлар доирасида Халқаро Ахалтеке от спорти мажмуасига ташриф буюриб, халқ ҳунармандчилиги кўргазмасини томоша қилди, концерт дастурида иштирок этди, от пойгаларини томоша қилди.

Туркманистон давлат матбуотининг ёзишича, «бугунги кунда от мамлакатимиз тараққиётида улкан муваффақиятларга эришаётган энергия тимсолига айланди. <...> Шу билан бирга, спорт отларини тайёрлаш миллий мактабининг асосий фарқи шундаки, туркманлар уларни тайёрламайди, балки тарбиялайди».

«Президент Сердар Бердимуҳамедов халқнинг отга бўлган меҳрини чин дилдан ҳис қилиб, Ахалтека зотини асраб-авайлаш, кўпайтириш ва оммалаштириш, анъаналар давомийлигини таъминлаш ва профил соҳаларини замонавий зотлар билан бойитиш борасидаги ғамхўрликни давлат сиёсати даражасига олиб чиқди», — деб ёзади «Туркменистан. Золотой век».

Маҳаллий отлар мақтови Туркманистоннинг аввалги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовдан бошланган, у бу от зоти ҳақида бир қанча китоблар ёзган. Жумладан, «Ахалтеке оти бизнинг фахримиз ва шон-шарафимиз», «Самовий отлар парвози», «Отнинг чаққон изи» китоблари. Дарвоқе, Аркадагнинг (собиқ давлат раҳбарининг ҳурматли унвони, туркман тилида «ҳомий» деган маънони англатади) баъзи асарлари мактаб ўқув дастурига киритилган бўлиб, улар хорижий тилларга таржима қилинади ва расмий тадбирларда хорижий ҳамкорларга тақдим этилади.