Европа Иттифоқи дипломатик йўллар билан Марказий Осиё давлатларини Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермасликка ишонтиришга умид қилмоқда. Бу ҳақда Европа кенгаши президенти Шарль Мишель (Charles Michel) Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
«Биз Россия уруш машинасини қўллаб-қувватловчиларга қарши 10 та санкция пакетини жорий этиш каби кўплаб чораларни кўрдик. Ҳозирда четлаб ўтиш хавфини камайтириш учун 11 санкциялар пакетини муҳокама қилмоқдамиз. Аммо шуни айтмоқчиманки, биз ҳеч қандай экстратерриториал чораларни қўлламаймиз, бу айниқса жуда муҳим, биз дунёдаги барча ҳамкорларимиз билан фақат мулоқот орқали ишламоқчимиз», — деди Шарль Мишель (ТАСС таржимаси).
Европа Кенгаши раҳбари Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливаннинг Марказий Осиёга жўнатилганини эслатиб ўтди, у «минтақадаги барча мамлакатлар [вакиллари] билан учрашиш ва улар билан бир томондан, ҳамкорларни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермасликка ишонтиришга, бошқа томондан, санкциялар оқибатлари билан боғлиқ барча масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлган».
Аввалроқ ОАВда МДҲ орқали Россияга АҚШ, Япония, Европада ишлаб чиқарилган кўплаб маҳсулотлар, смартфонлардан тортиб, автомобилларгача олиб кирилаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Масалан, О’Салливан маълум қилганидек, 2022 йил охирига келиб Европа Иттифоқидан Қирғизистонга товарлар экспорти 300 фоизга, баъзи маҳсулотлар — илғор технологиялар ва иккиламчи маҳсулотлар — 700 фоизга ошган. Қозоғистондан Россияга ўтган йилга нисбатан қарийб 2 миллиард долларга кўп маҳсулот жўнатилган. Шу билан бирга, 2022 йилнинг 8 ойида смартфонлар етказиб бериш 88 баробарга, мониторлар 300 баробарга ошган. Агар 2021 йили Қозоғистон Россияга илғор ярим ўтказгичларни 12 минг долларга экспорт қилган бўлса, 2022 йили бу кўрсаткич 3,7 миллион долларга кўтарилган.
Шарль Мишель саммит якунлари бўйича ўз нутқида Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун ишончли ва башоратли ҳамкор экани ва узоқ муддатли истиқболга эътибор қаратаётганини таъкидлади.
«Европа Иттифоқига аъзо давлатлар минтақадаги тўғридан-тўғри инвестицияларнинг 40% дан ортиғини ташкил этувчи энг йирик манба ҳисобланади. Биз Марказий Осиёнинг бир қанча давлатлари билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида шартномалар туздик ёки улар устида ишлаяпмиз. Ва улар бизнинг икки томонлама ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқиш салоҳиятига эга», — деди Европа кенгаши раҳбари.
ℹ️ 2 июнь куни бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитида Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, минтақадаги тўртта давлат раҳбарлари – Қосим-Жомарт Тўқаев (Қозоғистон), Садир Жапаров (Қирғизистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон) ва Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон), шунингдек Туркманистон Бош вазири ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов иштирок этди.