Эронлик репер ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

ТУМАЖ СОЛИҲИ. CNN САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Эронлик репер Тумаж Солиҳи (Toomaj Salehi) ўтган йил кузида мамлакатда бўлиб ўтган норозилик намойишларида қатнашгани учун Ислом республика суди томонидан олти йилу уч ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканали хабар беради.

Аниқлик киритилишича, ҳукм 10 июль куни чиқарилган. Суд маълумотларига кўра, Солеҳи Маҳса Амини ўлимидан сўнг бошланган ҳукуматга қарши намойишларда фаол иштирок этган.

Ўтган йил октабрь ойида ҳибсга олинган 33 ёшли репер Солиҳи интернетда кенг тарқалган қўшиқ ва клипларда Эрон ҳукуматини танқид қилган.

Мусиқачи ҳибсга олинганидан сўнг давлат ОАВлари унинг кўзлари боғланган ва айтган сўзлари учун кечирим сўрагани акс этган видеони тарқатган.

ℹ️ Маҳса Амини Курдистон вилоятида истиқомат қилувчи 22 ёшли қиз бўлган. У 13 сентябрь куни Теҳрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этган (Эронда барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Ҳибсга олинган гувоҳлар хавфсизлик кучларини қизни калтаклаганликда айблашган. Полиция Аминининг ўлими бахтсиз ҳодиса эканини қайд этган.

17 сентябрь куни қизнинг дафн маросимидан сўнг унинг туғилиб ўсган Сакез шаҳрида норозилик намойишлари бошланиб кетган ва кейинчалик Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалган. Норозиликлар куз охиригача давом этган.

Умуман олганда, ҳукумат 20 мингга яқин эронликни ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олган. Кейинчалик ёпиқ судларда етти киши ўлимга ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди