Эрон август ойида эришилган келишувлар шартларини бажарган ҳолда Тожикистонга нефть маҳсулотларини экспорт қилишни бошлади. Бироқ етказиб бериш ҳажми, нархлар ва бошқа тафсилотлар ҳозирча номаълум. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлигига таяниб хабар берди.
Аввалроқ Душанбе Теҳрон билан 2,55 миллион тонна нефть маҳсулотини етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилган эди. Бироқ, томонлар шартномада кўрсатилган якуний ҳажмни келишиб олган-олмагани ноаниқ.
Бу ерда логистика масаласи ҳам долзарб, чунки икки давлатнинг умумий чегараси йўқ. Эҳтимол, хомашё ва маҳсулотларни темир йўл орқали ташишга тўғри келади. Бу нефть маҳсулотларини денгиз йўли ёки қувурлар орқали етказиб беришдан қимматга тушади. Учинчи давлатлар ҳудуди орқали транзит харажатлари ҳам умумий қийматни оширади.
Темир йўл транспортидан фойдаланилаётганига статистик маълумотлар ҳам ишора қилмоқда. Унга кўра, жорий йил январь–июнь ойларида Тожикистон ва Эрон ўртасида 432,8 минг тонна юк ташилган бўлиб, шундан 334 минг тоннаси темир йўл орқали етказилган.
Бундан ташқари, расмийлар Эрондан келаётган юк таркибига аниқлик киритмаган. Тожикистон 2 миллион тонна хом нефть, 300 минг тонна дизель ёқилғиси, 150 минг тонна бензин ва 100 минг тонна авиация ёқилғисини сўраган. Бироқ, Теҳрон аввалроқ мамлакатда автомобиль ёқилғиси танқислиги кузатилаётганини маълум қилган ва шу муносабат билан уни экспорт қилишга чекловлар жорий этилган. Шу боис устувор йўналиш хомашё ва самолётлар учун керосин етказиб бериш бўлади. Айни пайтда Эрон Ислом Республикаси ҳамкорларга ойига 5 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулотини етказиб бера олмаслиги мумкин.
Хом нефть миқдори кўп бўлгани ҳисобга олинса, Тожикистон уни қандай ишлатмоқчи экани ҳам ноаниқ. Йилига 2 миллион тонна ҳажми мамлакатдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи — Данғара заводининг имкониятларидан анча юқори. Шу боис республика ҳукумати ишлаб чиқариш қувватларини ошириши ёки ресурсларни узоқ муддат сақлашни таъминлашига тўғри келади.
Тижорат масаласи ҳам долзарб, чунки чегирмаларсиз Эрон Россия билан рақобатлашиши қийин бўлади. Қайд этилишича, Тожикистон жорий йилнинг биринчи ярмида импорт қилган қарийб 600 минг тонна асосий нефть маҳсулотларининг 91 фоиздан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келади. Импорт қилинган маҳсулотларнинг ўртача қиймати бир тонна учун 825 долларни ташкил этган. Бироқ, Москва ва Душанбе ўртасида имтиёзлар ва божхона тўловларининг йўқлиги бўйича келишувлар мавжуд. Шунинг учун Эрон нефтининг нархи жуда муҳим аҳамият касб этади.
Шунга қарамай, аксарият таҳлилчилар Эрон нефти Россияникидан сезиларли даражада қиммат бўлиб чиқса ҳам, Тожикистон муқобил импорт манбасидан воз кечмаслиги керак, деган фикрда. Бу унга битта етказиб берувчига қарамликни камайтириш имконини беради ҳамда Россияга нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этилган тақдирда, бозорда ёқилғи танқислиги юзага келса, нархлар кескин ошса ёки бошқа чекловлар пайдо бўлса, манёвр қилиш учун қўшимча имконият яратади.



