2022 йил 17 декабрь ҳолатига кўра Туркманистонда 7 057 841 киши истиқомат қилади. Бу ҳақда мамлакат президенти иштирокидаги ҳукумат йиғилишида Давлат статистика қўмитаси раиси Довлетгелди Омонмуҳаммедов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, аҳолининг 50 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади. Туркманистон фуқароларининг 47,1 фоизи шаҳарларда, 52,9 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади.
Аҳоли мамлакат бўйлаб қуйидагича тақсимланган: 22,9% Мари вилоятида, 22% Дашогузда, 20,5% Лебапда, 14,6% Ашхободда, 12,5% Ахал вилоятида, 7,5% Болқонда истиқомат қилади.
Омонмуҳаммедов 2022 йил декабрь ойида аҳолини рўйхатга олиш «Бирдамлик, бахт, ёруғ келажак» шиори остида ўтказилганини эслатди. У Туркманистон президентининг 2017 йил 25 октабрдаги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил этилган. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича услубий кўрсатмалар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси экспертлари томонидан юқори баҳоланди, дея қўшимча қилади Давлат статистика қўмитаси раҳбари.
ℹ️ Мустақил Туркманистон тарихида илк бор аҳолини рўйхатга олиш 1995 йили ўтказилган. Ўшанда аҳолининг учта тоифаси ҳисобга олинган: ҳозиргиси, доимий яшайдиган ва узоқ муддат чет элда бўлмаганлар. Маълум бўлишича, мамлакатда 4,5 миллион киши истиқомат қилган.
Навбатдаги аҳолини рўйхатга олиш 2012 йили ўтказилган, бироқ унинг натижалари расман эълон қилинмаган. 2014 йили Ашхободдаги уй маъмуриятлари ходимлари бир неча бор уйма-уй юриб, фуқаролардан оилалар таркиби ҳақида суҳбат ўтказган ва 2012 йили тўпланган маълумотлар йўқолганини тушунтирган.
2015 йили уч йиллик аҳолини рўйхатга олиш натижалари «Хроника Туркменистана» журналистлари қўлга киритишолган. Маълум бўлишича, тадқиқот давомида 4,7 миллион киши рўйхатга олинган. Шу билан бирга, расмий манбаларда Туркманистон аҳолиси 5,5 миллиондан ортиқ кишини ташкил қилиши айтилган.