Туркманистон ҳукумати Туркия депортация марказларида бўлган мингга яқин ватандошини олиб чиқиш учун парвозлар ташкил қилади. Бу ҳақда «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) турли идоралар ва Ашхобод аэропортидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Уларга кўра, депортация қилинган фуқаролар учун парвозлар бепул бўлади. Улар Туркманистонга қайтиб келган фуқароларни жойлаштириш учун махсус карантин зоналари яратилаётган Лебап вилояти маъмурий маркази Туркманободга етказилади. Ушбу зоналарда тиббиёт ходимлари депортация қилинганларни кўрикдан ўтказади, Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) ходимларидан иборат махсус гуруҳ уларни сўроқ қилади.
«Депортация қилинган фуқаролар уч кун давомида карантинда сақланиши режалаштирилган. Бу вақт давомида улар COVID учун тестдан ўтказилади ва жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, жумладан ОИТС бор-йўқлиги текширилади», — еди соғлиқни сақлаш ходими. Ташхизлари ижобий натижа берганлар билан нима қилиш кераклиги ҳали ҳал қилинмаган, дея қўшимча қилади манба.
Туркманистонлик муҳожирлар учун Туркия кўп йиллар давомида асосий йўналиш бўлиб келган, чунки улар ушбу мамлакатга кириш учун визага муҳтож эмас эдилар. Туркманистон ҳукумати меҳнатга лаёқатли аҳолининг четга чиқиб кетишини тўхтатиш учун турли чоралар кўрмоқда. 2022 йил сентябрида Туркия ҳукумати Ашхобод илтимосига биноан Туркманистон билан виза режимини жорий қилган эди.
Туркия Миграция хизмати маълумотларига кўра, 2023 йил январида Туркманистоннинг 222 090 фуқароси мамлакатда қонуний бўлган. Мустақил манбаларга кўра, Туркиядаги туркманларнинг ҳақиқий сони расмий маълумотлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин ва уларнинг аксарияти у ерда ноқонуний йўллар билан яшаган.
Жорий йилнинг июль ойи бошида Туркия Ички ишлар вазирлигининг янги раҳбари Али Ерликая бир неча ой ичида ноқонуний миграция муаммосига чек қўйишга ваъда берган эди. Мамлакатнинг барча вилоятларида рейдлар бўлиб ўтмоқда, ҳар куни юзлаб одамлар ҳибсга олинмоқда, уларнинг аксарияти кейинчалик депортация қилинади. Июль ойи охирида Туркияда 4,8 миллиондан ортиқ муҳожир борлигини таъкидлаган вазир июнь ойи бошидан буён 36 мингга яқин ноқонуний муҳожир қўлга олинганини, улардан 16 минг нафари депортация қилинганини маълум қилди.