Туркманистон ҳукумати бюджет ташкилотлари ходимларини яна пахта теримига мажбур қилган

hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманистоннинг пахта терими бошланган вилоятларидан маҳаллий ҳокимият идоралари бюджетташкилоти ходимларини теримга мажбурлаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Шифокорлар, ўқитувчилар, шунингдек музейлар, кутубхоналар, вокзаллар ходимлари мажбуран далаларга олиб кетилмоқда, баъзи вилоятларда ҳарбий аскарлар ҳам қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинмоқда, деб хабар беради «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати ).

Лебап вилоятида 20 август, якшанба куни деярли барча давлат муассасалари ходимлари, жумладан вокзал ва аэропорт ходимлари пахтага жўнатилган.

«Ҳафтанинг ягона дам олиш кунини 40 даража иссиқда далада ўтказдик, – дейди ўрим-йиғимга жалб қилинган туркманободлик энергетик. – Шу билан бирга, туман ҳокимлиги ходимлари далаларни айланиб, кимлар келган-у, кимлар келмаганини текширишди».

Яна бир мажбурий меҳнатга сафарбар қилинган туркманистонлик қайд этишича, ҳукумат плантацияларга комбайнларни туширмай, одамларни қўлда пахта теришга мажбур қилмоқда. Унга кўра, тақсимлаш тартиби мавжуд бўлиб, бюджет ташкилотлари ходимларининг 50 фоизи ҳафтанинг иш кунларида, якшанба кунлари эса истисносиз ҳаммаси далага чиқиши керак.

Қарорга эътироз билдирганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинади. Бироқ расмийлар теримчиларга ўз ўрнига кунига 40-50 манат (расмий курс бўйича 12,5 доллар ва қора бозор курси бўйича тахминан 2 доллар) эвазига бошқа одамни жалб этишига рухсат беради.

Радиостанция суҳбатдошининг қўшимча қилишича, кўпинча давлат хизматчилари ўрим-йиғимга тахминан ўн кунга ётиб теришга жўнатилади. Аммо, унинг сўзларига кўра, 400-500 манат (расмий курс бўйича 125 доллар, қора бозор курси бўйича эса тахминан 20 доллар) пора эвазига ҳокимлик вакилларининг ўзлари теримчи ўрнига бошқа одам топиб бериши мумкин, шифокорлар ёки ўқитувчилар пахта терими пайти ишига боришмаса ҳам бўлади.

Мари велаятида плантацияларга жами давлат ходимларини жалб қилишнинг ҳожати йўқ. Маҳаллий аҳолининг айтишича, пахта кам, шунинг учун ҳокимият ҳар бир ташкилотдан далага 20 кишидан жўнатишни талаб қилган. Уларнинг аксарияти кунига 40 манат эвазига ўз ўрнига бошқа теримчиларни ишга ёллашади, дея қўшимча қилади Мари фуқароси.

Болқон велаятида ҳам мажбурий меҳнат фактлари қайд этилган. Аммо маҳаллий давлат хизматчилари даромадлари кунлик ишчиларни ёллашга етмаслигидан шикоят қилишади. Гувоҳларнинг таъкидлашича, баъзи ҳудудларда ҳарбий аскарлар йиғим-теримга жалб қилинади. Қолаверса, ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, якшанба куни ёмғир ёға бошлаган ва расмийлар бюджет ходимларини тиззагача лойга ботиб пахта теримига мажбурлашган.

Нашрнинг ёзишича,

Жорий йилда Туркманистонда 580 минг гектар майдондан 1 миллион 250 минг тонна «оқ олтин» йиғиб олиш мўлжалланмоқда.

Терим декабрь ойининг ўрталарига қадар давом этади.

Республикада одат бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига бюджет ташкилотлари ходимлари, баъзан эса мактаб ўқувчилари жалб қилинади. Жумладан, журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари томонидан тайёрланган ўтган йилги ҳисоботда мамлакат ҳукумати пахта терими даврида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдалангани, далаларда меҳнаткашлар учун мақбул шарт-шароитлар яратилмагани, кўпинча уларни очиқ жойда тунашга мажбурлашгани айтилади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди