Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Марказий Осиё республикасидан Европа давлатига газ етказиб бериш бўйича «сиёсий келишув»ни имзолади. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Петер Сийяртога асосланиб, «Интерфакс» хабар берди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Туркманистон раҳбари Венгриянинг Европага потенциал газ етказиб бериш йўналишларидан бири ва транзит мамлакатлардан бирига айланиши учун сиёсий ирода кўрсатган.
«Сиёсий келишув тузилди, энди навбат компанияларга тижорий музокараларни давом эттиришга етди», — деди Сийярто.
Ахборот агентлигининг қайд этишича, Бердимуҳамедовнинг Будапештга ташрифи чоғида Орбан билан учрашувда нафақат энергетика соҳасига оид масалалар муҳокама қилинган. Томонлар соғлиқни сақлаш, фармацевтика саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида ҳам сўз юритганлар.
Туркманистон президенти Венгрияга 20 август куни келган. Бердимуҳамедов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон давлат раҳбари Садир Жапаров ва бошқа бир қатор давлатлар қаторида Венгриянинг асосий давлат байрами – Муқаддас Иштван куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этди, шунингдек Будапештда ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг фахрий меҳмонларидан бири бўлди.
ОАВнинг қайд этишича, бу Бердимуҳамедовнинг ўтган йил март ойида Туркманистон президенти лавозимини эгаллаганидан кейин Европага илк сафари.
Венгрияга ташриф Туркманистоннинг Россия томонидан минтақанинг бошқа давлатлари – Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокида газ иттифоқини кенгайтириш режаларидан «жиддий хавотир» билдиргани фонида амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, «Туркмангаз» давлат концерни раиси ўринбосари Мирад Арчаевнинг сўзларига кўра, Москва Ашхобод билан ҳеч қандай маслаҳатлашув ўтказмаган.
«Туркманистон томонига бундай ёндашув тушунарсиз ва қабул қилиб бўлмас омилдир ва бу мамлакатимиз томонидан халқаро ҳуқуқ ва газ соҳасидаги амалиётга мос келмайдиган ҳаракат дея баҳоланади», — дея таажубланганди мулозим.