Хорижга учаётган туркманистонликлар учун психологик тест ва хавфсизлик органи ходимлари суҳбатидан ўтиш талаби жорий этилди

Ашхобод аэропорти. travelsoul.ru сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати бошқа давлатлардан виза олган фуқароларга психологик тест ва Миллий хавфсизлик вазирлигида (МХВ) суҳбатдан ўтиш талабини жорий қилди. Бу ҳақда «Азатлик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Туркманистон фуқаролари олган визаларини миграция хизматида расмийлаштиришлари лозим, бу ерда улар махсус рўйхатларга киритилади ва кейинчалик Миллий хавфсизлик вазирлигининг вилоят бошқармасига топширилади. Белгиланган санада барча янги берилган виза эгалари этрап (туман) ҳокимликларига йиғилади. Бу ерда Миллий хавфсизлик вазирлигининг миграция масалалари бўйича масъул ходимлари йиғилиш иштирокчилари билан суҳбат ўтказиб, уларга анкета тўлдиришни ва кенг қамровли психологик тестдан ўтишни буюради.

«Биз эрталаб соат тўққизда этрап ҳокимлигида йиғилдик. Биздан иккита анкетани тўлдиришни сўрашди. Анкетада ноаниқ саволлар бор эди. Аёл ва қизлар «Сизга тилла тақинчоқлар ёқадими? Чет эллик одамга турмушга чиқармидингиз? Гиёҳванд моддаларга муносабатингиз қандай? Қайси мессенжерлардан фойдаланасиз?» каби 60 та шунга ўхшаш саволга жавоб беришимиз керак эди»,дейди МХВ суҳбатида бўлган Туркманбошилик аёл.

Суҳбатдан сўнг фуқаролардан уч авлод қариндошларининг судланмаганлиги тўғрисидаги «Уч орқа» маълумотномаси текширилади ва улардан виза муддати тугагунга қадар ўз ватанига қайтишлари тўғрисида кафолат хати ёзишлари талаб қилинади. Акс ҳолда, уларга нисбатан иш очиб, жиноятчи эканини «уч орқа»га ёзиб қўйилиши ваъда қилинади.

Болқон вилояти миграция хизмати ходимлари «Азатлик» нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан янги талабларнинг киритилиши мамлакатни тарк этган фуқароларнинг аксарияти ватанга қайтмаётгани билан боғлиқлигини тушунтиришган.

«Халқаро рейслар биздан тўлиқ учади, самолётлар эса 15 нафар йўловчи билан қайтиб келади. Мамлакат олий раҳбарияти бу ҳолатдан ғазабда ва хавотирда. Улар одамларни мамлакат ичида мажбуран олиб қолиш йўлларини излашмоқда», — дейди радиостанцияга миграция хизматидаги манба.

ℹ️ Туркманистон дунё ва МДҲ давлатлари орасида энг ёпиқ давлат ҳисобланади. Arton Capital томонидан тузилган жаҳон паспорти мустаҳкамлиги рейтингига кўра, бу давлат бор-йўғи 16 давлат билан визасиз режим ўрнатган ва Turkmen.news хабарига кўра, Туркманистон уларнинг бирортаси билан тўғридан-тўғри ҳаво рейсларига эга эмас. Туркия бундан мустасно эди, аммо 2022 йил сентябрида Анқара Ашхобод илтимосига кўра Туркманистон фуқаролари учун визалар жорий қилди. 47 та давлатда Туркманистон фуқаролари келганларидан сўнг виза олишлари мумкин, 135 та давлатга бориш учун олдиндан виза талаб қилинади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди