Россия «ислом экстремизми»да айбланаётган шахсни Туркманистонга депортация қилди

Аширбай Бекиев. hronikatm.com сайти фотосурати

Россия ҳукумати ватанида «ислом экстремизми»да айбланаётган Туркманистон фуқароси Аширбай Бекиевни депортация қилди. Хавфсизлик кучлари 30 август куни кечқурун Москвадан Ашхободга чет эл фуқаросини жўнатди, деб хабар беради Туркманистон Хелсинки Инсон ҳуқуқлари фонди (ТХФ).

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Бекиев шу йилнинг баҳорида Санкт-Петербургда қўлга олиниб, депортация марказига жойлаштирилган. 30 август куни эрталаб у дўстига қўнғироқ қилиб, Туркманистонга депортация қилишаётганини айтган. Муҳожирнинг адвокати РФ Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган ва у ерда мазкур маълумотни тасдиқлашган.

Кейинроқ Туркманистон фуқароси оғайниси билан яна боғланиб, 9 сентябрь куни ватанига жўнатишдарини маълум қилган. Ўша куни кечқурун Бекиев ўғли учун самолёт салонида қисқа видео ёзиб олган. ТХФда таъкидланганидек, ўша вақтда парвозлар жадвалига кўра S7 компанияси самолёти Москвадан Ашхободга учган.

Аширбай Бекиев 2016 йили Туркманистон илтимосига кўра Санкт-Петербург полицияси томонидан қўлга олинганида маълум бўлган эди. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари Бекиевга қўйилган айбловлар уйдирма эканлигини эълон қилган. Россия чет эл фуқаросини депортация қилишга қарор қилган, бироқ 2017 йил май ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди туркман фуқаросини ватанига чиқариб юборишни тақиқлаганидан кейин уни қўйиб юборган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономаревга кўра, жорий йил 16 май куни Бекиев Ленинград вилоятининг Волхов шаҳрида қўлга олинган. 19 май куни Санкт-Петербургнинг Красноселский туман суди уни миграция қонунчилигини бузгани учун ватанига депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган: унинг паспорти муддати аллақачон тугаган ва у ҳужжатларини янгилай олмаган, чунки бунинг учун Туркманистон ҳукумати билан боғланиш зарур эди, бу эса ҳибсга олиниш хавфини туғдирарди.

ТХФ қўшимча қилишича, Бекиев Россиядан бошпана сўраб мурожаат қилган, бироқ оқибатда унинг аризасини кўриб чиқиш жараёни тугамасдан депортация қилинган. Экспертларнинг фикрича, бу Россия расмийлари томонидан халқаро ва миллий қонунчиликнинг жиддий бузилишидир.

Оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, Аширбай Бекиевнинг икки укаси ҳам «диний сабабларга кўра» айбланувчига айланган. Улардан бири аллақачон тўққиз йил жазони ўтаб, 2019 йили озодликка чиққан, иккинчиси Россияга кўчиб ўтиб, жорий йилнинг май ойида иммиграция қонунчилигини бузгани учун ҳибсга олинган ва ҳозирда уни Туркманистонга экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди