HRW Байденни «Марказий Осиё-АҚШ» саммитида инсон ҳуқуқлари масаласини асосий мавзуга айлантиришга чақирди

Жо Байден. АР фотосурати

АҚШ президенти Жо Байден ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги музокараларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи асосий мавзу бўлиши керак. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнот берди.

Ташкилотнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ҳам, Европа Иттифоқи ҳам «стратегик муҳим, ресурсларга бой минтақа»даги мамлакатлар ҳукуматларини Россиянинг санкциялардан қочиш учун Марказий Осиё орқали ўтадиган савдо йўлларидан фойдаланишга уринишларига қаршилик кўрсатишга чақирмоқда. Шу билан бирга, минтақа давлатлари раҳбарларидан қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг фундаментал стандартлари кафолатларини талаб қилиш зарур.

«Байден сиёсий сабабларга кўра таъқибларни қўллаш, сўз эркинлигини бостириш, қийноқлар ва полиция зўравонлигига чек қўйишили учун аниқ қадамларни талаб қилиши керак», — дейди HRW нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича адвокати директори Искра Кирова (Iskra Kirova).

Баёнот муаллифлари минтақадаги бешта республиканинг ҳар бирида инсон ҳуқуқлари ва қонунларга риоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни эсга олдилар.

Қозоғистонда 2022 йил январидаги намойишлардан бери 18 ойдан кўпроқ вақт ўтди, бу вақт намойишчиларга нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ва қийноқлар қўллаш каби инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари билан кечди. Қўшма Штатлар мустақил тергов ўтказилишини ва содир бўлган инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликни талаб қилиши ва Қозоғистондаги «қонли январь» кун тартибидан тушиб қолишига йўл қўймаслиги керак, дейди ҳуқуқ фаоллари.

Қирғизистон ҳукумати оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти фаолиятини чекловчи бир қатор репрессив қонунлар ва чора-тадбирларни бошлаб юборган. Жумладан, «сохта маълумотлардан ҳимояланиш» ва «ЛГБТ тарғиботини тақиқлаш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Журналист Болот Темировнинг Россияга депортацияси, шунингдек суд жараёни ва мамлакатдаги кам сонли мустақил интернет нашрларидан бири бўлган Kloop.kgнинг ёпилиш таҳдиди каби қатор жиноий ишлар мухолифатчиларга даҳшатли сигнал бўлди, дейилади баёнотда.

Тожикистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини бостиришни кучайтирди. 2021–2022 йиллари ҳукумат Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) тинч митингларни шафқатсизларча бостирди, касбий фаолияти учун ўч олиш мақсадида ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга нисбатан сохта айбловларни қўллади ва мамлакатдаги кўплаб фуқаролик жамияти ташкилотларини тарқатиб юборди. Қўшма Штатлар республика билан икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришдан олдин инсон ҳуқуқлари бўйича оғир аҳволни ўртага қўйиши ва бу йўлда аниқ ютуқларга эришмоғи лозим.

Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ ва репрессив давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. 2022 йилдаги раҳбарият ўзгариши инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ оғир вазиятни яхшилагани йўқ. Яқинда президентнинг йиллик амнистия акти билан сиёсий мотивлар билан қамалган бир неча киши озодликка чиқарилган бўлса-да, кўплари панжара ортида қолмоқда.

Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг баёнотларига қарамай, расмийлар энди сиёсий ислоҳотлар дастурини амалга оширишмаяпти. Давлат раҳбарининг рақобатсиз қайта сайлангани ва конституцияга кейинги 14 йил давомида ҳокимиятда қолишига имкон берувчи тузатишлар киритилиши шундан далолат беради. Бундан ташқари, 2022 йил июль ойида суверен Қорақалпоғистон Республикасида камида 21 киши ҳалок бўлган ва юзлаб одамлар оғир яраланган оммавий норозилик намойишларига ҳукумат кескин жавоб қайтарди. Ваъда қилинган қонунчилик ислоҳотлари тўхтаб қолган, оммавий ахборот воситаларига нисбатан чекловлар ҳамда блогерлар ва журналистларга нисбатан сиёсий сабабларга кўра таъқиблар кучайган, дейилади

HRW баёнотида.

«Марказий Осиё етакчиларининг ушбу учрашувга тайёрлиги президент Байден учун фундаментал инсон ҳуқуқлари стандартларига асосланган ҳақиқий ҳамкорлик қандай бўлишига ойдинлик киритиш учун имкониятдир. Марказий Осиёдаги кўплаб фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва интилишлари кафолатланмаса, минтақанинг узоқ муддатли барқарорлиги хавф остида қолади», — дея хулоса қилди Искра Кирова.

ℹ️ 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси доирасида «Марказий Осиё-АҚШ» саммити («C5+1») бўлиб ўтади. АҚШ президентининг Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари билан учрашуви шундай форматдаги биринчи мулоқот бўлади. Оқ уйда таъкидланганидек, саммит олти давлат раҳбарларига минтақавий хавфсизликдан тортиб савдо ва шериклик, иқлим ўзгариши ва ҳукуматлар фаолиятини такомиллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишгача бўлган масалаларни муҳокама қилиш имконини беради.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди