Туркия туркман фаоли Сердар Дурдилиевни ватанига депортация қилди

Сердар Дурдилиев. hronikatm.com сайти фотосурати

Туркия фуқаролик фаоли Сердар Дурдилиевни Туркманистонга депортация қилди, у ерда уни қийноқлар кутиши ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, дейди ҳуқуқ фаоллари. Фаол учган самолёт 17 октабрь куни эрта тонгда Ашхободга қўнган, деб хабар беради «Хроника Туркменистана».

Нашрнинг аниқлик киритишича, Туркиядаги туркман талабалари жамияти асосчиларидан бири бўлган Дурдилиев турли қонунбузарликлар учун ватанига депортация қилинган бир неча ўнлаб ватандошлар билан бирга учган.

Дурдилев жорий йилнинг 6 сентябрь куни виза режимини бузгани учун қўлга олинган. У бошқа муҳожирлар билан бирга Тузла депортация марказида (Истанбулдаги туман — «Фарғона» изоҳи) бўлган. Ашхободга учиш арафасида юзга яқин маҳбус Туркманистон консуллигига олиб келинган, уларнинг бармоқ излари олинган ва вақтинчалик паспорт учун имзолари олинган, чунки кўплаб фуқароларнинг шахсий гувоҳномалари бўлмаган ёки ҳужжатларининг муддати ўтиб кетган бўлган.

«Хроника Туркменистана»нинг таъкидлашича, ҳибсга олинган пайтда Дурдилиевда яшаш учун рухсатнома бўлган. Аммо полиция чет эл фуқаросига мазкур ҳужжат «тегишли хизматлар» қарори билан бекор қилинганини тушунтирган.

Туркманистонлик адвокатининг қўшимча қилишича, расмийлар бу ҳақда уни олдиндан огоҳлантиришмаган, гарчи улар ҳужжат мақоми ўзгарганлиги ҳақида уни хабардор қилишлари керак бўлсада.

Адвокат Дурдилиев билан 16 октабрь куни учрашишни сўраган, бироқ полиция иш ҳали якунланмаганини ва адвокат фаолни «эртага ёки индинга» келиб кўриши мумкинлигини айтган. Кейинчалик адвокат унинг мижози аллақачон ватанига депортация қилинганини билиб қолган.

ℹ️ Дурдилиев ҳақида шу нарса маълумки, у 2018 йили Туркияда туркман талабалари жамиятини ташкил этишда иштирок этган, унга Омрузак Омарқулиев раҳбарлик қилган. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Омарқулиев алдов йўли билан ватанига олиб кетилган ва у ерда ҳибсга олинган. Кейинчалик воқеалар ривожланишининг бир нечта версиялари пайдо бўлган. Улар Омарқулиев озодликка чиққани ва у ўртоқлари билан алоқа қилмасдан, ота-онасининг уйида яшаётганини ёзишган; баъзи нашрларда унинг ҳарбий хизмати экани хабар қилинган; фаол узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди