Марказий Осиё давлатлари Европа Иттифоқига Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга йўл қўймасликка ваъда беришди

«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» вазирлар учрашувининг 19-йиғилиши иштирокчилари. consilium.europa.eu сайти фотосурати

Марказий Осиё давлатлари Европа Иттифоқига Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун ҳамкорликни давом эттиришга ваъда беришди. Бу ҳақда 23 октабр куни бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» вазирлар учрашувининг 19-йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган қўшма коммюникеда сўз юритилади.

«ЕИ бугунга қадар қабул қилган чекловчи чора-тадбирларнинг ўн бир пакети ҳақида маълум қилди ва Европа Иттифоқининг санкция режимлари контекстида натижаларга йўналтирилган мулоқот ва ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади. Европа Иттифоқи санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади ва иштирокчилар бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар», — дейилади ҳужжатда.

Учрашув биринчи марта тўлиқ форматда ўтказилди – унда Европанинг 27 ва Марказий Осиёнинг 5 та давлати Ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Люксембургдаги йиғилишда Ўзбекистондан Бахтиёр Саидов, Қозоғистондан Мурат Нуртлеу, Тожикистондан Сирожиддин Мухриддин, Қирғизистондан Жээнбек Қулубаев, Туркманистондан Рашид Мередовлар иштирок этишди. Йиғилишга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель ва халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен раислик қилган.

Вазирлар учрашуви иштирокчилари Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшма йўл харитасини қабул қилишди, деб хабар беради Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати. Ҳужжат Европа Иттифоқининг 2019 йили Марказий Осиё бўйича амалдаги стратегиясини тўлдиради ва минтақалараро ҳамкорлик йўналишларини сезиларли даражада кенгайтиради. Унда амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари транспорт инфратузилмасини Транс-Европа транспорт тармоғига (TEN-T) яқинлаштириш, муҳим хомашёларни ўзлаштириш, минтақадаги яшил лойиҳаларни молиялаштириш, турли соҳалардаги ҳамкорлик масалалари белгилаб берилган.

Учрашувда муҳокама қилинган бошқа кўплаб масалалар қаторида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги масалалари, шунингдек сув, сув ресурсларини бошқариш, минтақадаги хавфсизлик ва Марказий Осиёда барқарор ривожланиш билан боғлиқ муаммолар бор, дея қўшимча қилди Қирғизистон ТИВ.

Учрашув якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари умумий қадриятлар ва ўзаро манфаатларга асосланган стратегик шерикликни давом эттириш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Коммюнике 19 банддан иборат. Унда айтилишича, Европа Иттифоқи:

👉 Атом энергияси бўйича халқаро агентлик доирасида барча аъзо давлатларнинг, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг суверен тенглигини тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлайди;

👉 Марказий Осиё давлатларининг минтақада яхши қўшничилик, ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди;

👉 Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари орқали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни олқишлайди;

👉 2022 йил 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган минтақа давлат раҳбарларининг 4-маслаҳат учрашувида имзоланган 21 асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга оширишни маъқуллайди.

Ўз навбатида, Марказий Осиё Ташқи ишлар вазирлари «Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва фаровонлигига, жумладан Global Gateway стратегияси, кўп томонлама молиявий ёрдам, Team Europe ташаббуслари ва ЕИга аъзо давлатларнинг индивидуал иштироки орқали комплекс ёндашувига содиқлигини олқишлайдилар.

Учрашув иштирокчилари, жумладан:

▶️ глобал ва минтақавий миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш муҳимлигини, шунингдек, БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари ва ЕХҲТ тамойилларига риоя қилиш зарурлигини билдирди;

▶️ БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ва Туркманистон ташаббуси билан Марказий Осиёни Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди, жорий 2023 йилни эса тинчлик кафолати сифатида Мулоқот йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияларни олқишлайди;

▶️ халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва низоларни ядро қуролидан фойдаланмасдан ёки қўллаш таҳдидисиз тинч йўл билан ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

▶️ барча давлатларнинг халқаро муносабатларда куч ишлатиш билан таҳдид қилиш ёки қўллашдан тийилиш мажбуриятларини, шунингдек, низоларни дипломатик воситалар орқали тинч йўл билан ҳал этиш зарурлигини тасдиқлади.

▶️ қуролларни назорат қилиш, қуролсизлантириш ва тарқатмаслик халқаро архитектурасининг муҳимлигини таъкидлади, Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани қўллаб-қувватлади;

▶️ Минтақавий энергетика тизимининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини, шунингдек, минтақавий ривожланиш учун энг долзарб соҳаларда, жумладан, сув муаммолари, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш зарурлиги тан олинди.

Коммюникеда, шунингдек 2024 йил январь ойи охирида Брюсселда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» инвестиция форуми, шу йилнинг иккинчи чорагида эса «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити» Ўзбекистонда бўлиб ўтиши айтилган.

ℹ️ Таъкидлаш жоиз, ушбу номдаги саммитлар икки марта – ўтган йил октабрь ойида Остона (Қозоғистон) ва жорий йилнинг июнь ойида Чўлпон-Ота (Қирғизистон)да ўтказилган эди. Унда Европа кенгаши раиси Шарль Мишель, Марказий Осиёнинг тўртта давлати президентлари, Туркманистондан эса Бош вазир ўринбосарлари иштирок этган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра,2024 йили саммит илк бор расмий форматда бўлиб ўтади.

«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» вазирларининг навбатдаги 20-учрашуви 2024 йили Туркманистонда бўлиб ўтади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди