ОАВ: Ашхобод шифохоналарига қизамиққа чалинган юзлаб болалар ётқизилди

b-apteka.ru сайти фотосурати

Туркманистон пойтахти Ашхободда қизамиқ эпидемияси авж олган. Шаҳардаги юқумли касалликлар шифохоналарида бундай ташхис билан юзлаб болалар бор ва уларнинг сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ва Таълим вазирликларидаги манбаларига таяниб, «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) хабар берди.

Нашрнинг аниқлик киритишича, ҳозир Чўғонлидаги (Ашхободдаги турар-жой массиви – «Фарғона» изоҳи) юқумли касалликлар профилактикаси маркази шифохонасида юзлаб ашхободликлар қизамиқдан азият чекмоқда. Беморлар оқими туфайли шифокорлар бу дардга чалинганларга «ёрдам беришда қийинчиликларга дуч келишмоқда».

Касал болаларнинг ота-оналари ваҳима қилишмоқда, чунки уларга касалхонага озиқ-овқат олиб келишга рухсат берилмаган. Тиббиёт муассасаси ходимлари маълум бир бемор учун овқат буюртма қилиш учун фақат маҳаллий ошхонанинг телефон рақамини беради. Ашхободликлар, шунингдек болалар аҳволини билиш ва даволаниш курсини муҳокама қилиш учун шифокорлар билан гаплашиш имконияти йўқлигидан шикоят қилишмоқда.

Пойтахтдаги мактабгача таълим муассасаларидан бирининг ходимига кўра, боғча болалари орасида қизамиқ тез тарқалмоқда. Бироқ, расмийлар касалланганлар сонининг кескин кўпайишига эътибор беришмаяпти ва таълим муассасаларини ёпишмаяпти.

«Боғчаларда вирус тарқалиш хавфи борлигига қарамай, юқори мартабали амалдорлар қонун чиқарувчи орган ва президент эътиборига маълумот етказмай болаларни хавф остига қўйишяпти, муаммони ҳал қилиш ўрнига, уни янада кучайтиришмоқда», — дейди «Азатлиқ»нинг аноним суҳбатдоши.

Туркманистон Марказий Осиёда қизамиқ билан касалланган ягона республика эмас. Ўтган ҳафта бошида Қозоғистонда ушбу касаллик тарқалгани ҳақида хабар берилган эди. Аниқлик киритилишича, шифокорлар жами 10 мингта инфекцияни қайд этган, уларнинг 80 фоиздан ортиғи 14 ёшгача бўлган болалар. Энг хавфли вазият Олмаота ва Жамбил вилоятларида, шунингдек, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида кузатилмоқда.

ℹ️ Қизамиқ – вирус табиатидаги ўткир юқумли касаллик бўлиб, иситма, йўтал, бурун оқиши, томоқ оғриғи ва тошмалар билан тавсифланади. Касаллик пневмония, бронхит ва энцефалит каби асоратлар туфайли хавфлидир. Қизамиқдан ягона самарали ҳимоя бу эмланишдир.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди