АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан «5+1» форматида бизнес-платформа ишга туширилишини эълон қилди

АҚШ Давлат департаментининг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунти фотосурати

Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Марказий Осиёнинг барча постсовет давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш учун бизнес платформасини ишга туширмоқда. Тузилма иши «5+1» форматида қурилади, дея хабар беради АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси ўзининг Х (собиқ Twitter) саҳифасида.

Бу йўналишдаги ҳамкорлик собиқ СССР республикаларининг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаши таъкидланади. Хусусан, томонлар қуйидаги соҳаларга эътибор қаратадилар:

✅ минтақавий иқтисодий интеграция ва ислоҳотлар;

✅ давлат-хусусий шериклик;

✅ инновациялар ва хорижий инвестициялар.

Ҳукумат ва ишбилармон доиралар вакилларининг «5+1» форматидаги биринчи учрашуви 2024 йилга мўлжалланган, учрашув Олмаотада бўлиб ўтади.

19 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – АҚШ» саммитида бизнес ва иқтисодиёт бўйича алоҳида форум ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Кейин Оқ уй раҳбари Жо Байден ва Марказий Осиёнинг беш республикаси президентлари кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар, яшил энергия ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар. Мавзуни давом эттирар экан, мезбон томон минтақадаги давлатларнинг савдо ва сармоявий салоҳиятини, жумладан, Америка хусусий компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали кенгайтиришга мўлжалланган «5+1» бизнес платформаси ғоясини таклиф қилди.

ℹ️ 24 октабрь куни Самарқанд шаҳрида «C5+1» минтақавий дипломатик платформаси – Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ иштирокида минтақавий интеграция масалалари бўйича биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Форум якунида Қўшма баёнот қабул қилинди. Минтақадаги давлатлар вакиллари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан божхона тартиб-қоидаларини карбонсизлантириш ва рақамлаштириш бўйича ўзаро англашув меморандумларини имзолади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди