Туркман мулозими аёллар билан боғлиқ муаммолар борлигини рад этди

ona.org.ru сайти фотосурати

Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хожиевнинг айтишича, унинг мамлакатида аёллар учун махсус кийиниш қоидалари йўқ. Шунингдек, у республикадаги аёллар ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда чекловларга дучор бўлаётгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда мулозим 16 ноябрь куни Ашхободда хорижий дипломатлар ва журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди, деб ёзади РИА «Новости».

Хожиевнинг таъкидлашича, хорижий ОАВ кўпинча ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни эълон қилади, масалан, Туркманистонни аёллар ҳуқуқлари поймол этилаётгани учун танқид қилади.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, олий ўқув юртларида қабул қилинган ягона кийим-кечак бундан мустасно, туркман аёллари учун ягона кийим коди йўқ. Аммо шунга ўхшаш талаблар дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги университетларда мавжуд, дея ўзини оқлади мулозим.

«Кундалик ҳаётда аёлларимиз хоҳлаган кийимни кийиши мумкин. Худди шу нарса аёлларнинг ташқи кўриниши ва уларнинг гўзаллик салонларига ташрифига ҳам тааллуқлидир», — деб тушунтирди ТИВ вакили.

Ҳожиев, шунингдек, ҳокимият аёлларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга тўсқинлик қилаётганини ҳам рад этади. Ўз сўзини исботлаш учун у сўнгги уч йилда туркман аёлларига ўн мингга яқин ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган статистик маълумотларни келтирди. Расмий йиғилганларга юзланиб, уларни Ашхобод кўчаларига чиқишга ва аёлларнинг машина ҳайдашига ишонч ҳосил қилишга чақирди. Хожиевнинг сўзларига кўра, бу масалада гендерлик фарқи йўқ — агар имтиҳондан ўта олмаган бўлса, эркакларга ҳам лицензия берилмайди.

Қизиғи шундаки, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги вазир ўринбосари иштирокида ўтказилган брифинг ҳақида маълумот эълон қилган, бироқ вазирлик матбуот хизмати хабарларида Хожиевнинг журналистлар билан мулоқотда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ қонунбузарлик мавзуси кўтарилгани ҳақида бирорта ҳам сўз йўқ.

ℹ️ Оммавий ахборот воситаларида туркманистонлик аёллар учун турли чекловлар ҳақида маълумотлар тез-тез чоп этилади. Масалан, жорий йил бошида мамлакатда турмушга чиқмаган ва 40 ёшгача бўлган аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тақиқлангани хабар қилинган эди. Маълумки, аёлнинг ҳайдовчи ёнида ўтириши тақиқланади, олдинги ўриндиқлар эркакларнинг жойидир.

Қолаверса, давлат хизматидаги аёллар фақат миллий либос кийишлари шарт, агар кийиниш қоидаларига риоя қилмаса, жаримага тортилади. Кўпчилик аёлларни ёмон кўрадиган шахс деб билган Сердар Бердимуҳамедов президентлик лавозимини эгаллаганидан кейин республикада «сунъий гўзаллик»га қарши кураш бошланган. Бу гўзаллик салонлари ишининг чекланиши, лаб бўёғи, лак ва бошқа косметика воситаларининг сотувдан олиб ташланишида намоён бўлмоқда. Кўкракни катталаштириш ёки лабларни тузатиш бўйича жарроҳлик муолажалари табуга айланган. Мисол учун, бир пайтлар бундай операцияларни ўтказган стюардессалар ва поезд кондукторлари оммавий равишда ишдан бўшатилгани маълум.

Шунга қарамай жорий йилнинг октабрь ойида халқаро экспертлар Туркманистонни Марказий Осиёдаги аёллар учун энг хавфсиз давлат деб тан олгани хабар қилинган эди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди